Фарҳод шаҳарчасидаги заводдан чиқаётган зарарли тутун бартараф этилди
Яқинда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчасининг “Бунёд” маҳалласи ҳудудига яқин жойда жойлашган “FARXOD SHIFER” МЧЖ цемент ишлаб чиқариш заводидан чиқаётган тутун шу завод атрофида яшовчи аҳоли саломатлигига жиддий таъсир етказаётганлиги тўғрисида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан жойига бориб ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, цемент ишлаб чиқариш заводи Хитой технологияси асосида қурилган бўлиб, 2013 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 305-сонли йиғилиш қарорига асосан фаолият юритиб келмоқда.
Мазкур заводдаги ишлаб чиқариш линияларидан атроф-муҳитга чиқадиган чанг ва бошқа зарарли моддалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирда 3865 та қўлда бажариладиган фильтрлар кўрикдан ўтказилиб, 12 749 минг АҚШ доллари миқдоридаги 1159 та фильтрлар янгисига алмаштирилган.
Бироқ, шундай бўлса-да, электр энергияси таъминотидаги огоҳлантиришсиз узилишлар юз бериши жараёнида бир тармоқдан иккинчи тармоққа уланиши оралиғидаги қисқа фурсатда автомат тарзда атмосфера ҳавосига сув буғи ва чанг кўринишида ташланиши кузатилган.
Ҳолат тезда бартараф этилди ва мутахассислар томонидан атроф-муҳитга экологик таъсирни янада камайтириш чораларини кўриш лозимлиги хусусида кўрсатма берилди.