Фармон лойиҳаси Самарқанд халқ таълими ходимлари томонидан муҳокама қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда
Айни кунларда юртимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантириш масаласида қабул қилиниши кутилаётган фармон лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда.
Ушбу масалада Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасида ZOOM платформаси орқали ўтказилган онлайн йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов, халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, бошқарманинг бўлим бошлиқлари ҳамда туман, шаҳар студияларида бўлим мудирлари ва мактаб директорлари иштирок этди.
Фармон лойиҳасида халқ таълими соҳасида жорий этилиши кўзда тутилаётган муҳим янгилик ва ўзгаришлар соҳа вакилларининг эътибор марказида бўлди. Лойиҳага кўра, мактаб битирувчиларининг 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши, ўқитувчиларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача оширилиши, синф раҳбарлари, мактаб директори ва ўринбосарларининг фаолиятига кўра, моддий ва маънавий рағбатлантириш, умумтаълим муассасаларида кредит-модул тизимини жорий этиш назарда тутилаётгани қўллаб-қувватланди.
Онлайн йиғилишда фармон лойиҳаси қисқа фурсатда вилоятнинг барча умумтаълим мактаблари ўқитувчиларигача етиб бориши зарурлиги, унда назарда тутилган чора-тадбирларга ўз таклифлари билан иштирок этиши мумкинлиги, муҳими, ушбу долзарб аҳамиятга эга бўлган жараёнда фаол иштирок этиш лозимлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.