Фермер иқтисодий мустақилми?
Zarnews.uz сайтида "Фермерлик ҳаракати нима учун ўзини оқламаяпти?", деган савол билан сайт фойдаланувчилари ўртасида ижтимоий сўров ўтказгандик. Сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи фермерлар ҳали ҳам иқтисодий мустақил эмас, деган жавобни берган бўлса, 17 фоиз, фойдаланувчи фермерлар орасида ҳали ҳам деҳқончиликни яхши тушунмайдиганлар бор, деган фикрда. Бошқа фойдаланувчилар мос равишда маҳсулот етиштиришда янгича усуллар қўлланилмайди (13 фоиз), хўжаликларда техника етишмайди, экинларга вақтида ишлов берилмайди (12 фоиз), фермерларнинг ер, сув, техника ишлатиш, экин етиштириш бўйича билим ва кўникмаси бугунги кун талаби даражасида эмас (11 фоиз) каби жавобларга тўхталган.
Хўш, ҳозир ҳам фермерлик фаолиятида шунча тўсиқлар мавжудми? Бу ҳақда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раҳбари А.Раҳимов ўз муносабатини билдирди.
– Ҳақиқатда фермерлар орасида деҳқончиликни тушунмайдиган, турли йўллар билан ерга эга бўлганлар ҳам бор эди, – деди А.Раҳимов. – Яқинда ўтказилган мақбуллаштиришда бундай хўжаликлар фаолиятига деярли барҳам берилди. Хўжаликларда техника етишмаслиги, иқтисодий мустақил эмаслиги ҳам бор гап. Шу пайтгача экинларга вақтида ишлов берилмаслиги, ёқилғи ёки ўғитнинг кечикиши, етишмаслиги кузатиларди. Эндиликда ёқилғи, минерал ўғит бемалол сотилади, маблағни тўлаган фермер хўжалиги керакли ўғитни олади. Хўжаликлар ҳозир иқтисодий эркинликка эга бўляпти. Кўп тармоқли фермер хўжаликлар ўзи етиштирган маҳсулотни ўзи қайта ишлаб, экспорт қилиши, маблағини кўпайтириши, техника олиши учун барча шароит яратилди.
Янги инновацион усулларга келадиган бўлсак, пахта майдонларини суғоришда 2019-2020 йилларда 6 минг гектар майдон, хусусан, 2019 йилда 3 минг 400 гектар майдонда томчилатиб суғориш усуллари қўлланилади. Қолаверса, Европа давлатларидан янги турдаги минерал ўғитлар, ернинг тупроқ унумдорлигини оширадиган препаратлар келтириляпти. Энди фермерлар кўп тармоқли хўжаликларга айланиб, аҳолини иш билан таъминлаши, янги иш ўринлари яратиши, қайта ишлаш ва ўз маҳсулотини экспорт қилиш билан шуғулланиши лозим.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.