Fikrat.uz Ўзбекистонда ёлғон хабарлар қандай қилиб чинга айланиб бораётгани бўйича тадқиқот ўтказди

Мақолани ўқиб, кўпчилик хафа бўлиши мумкин, шу боис олдиндан узр сўраймиз. Зеро, мақсадимиз миллий масс-медиамиз умумэътироф этилган принциплар асосида ишласа, тараққий этса… 

3 кун аввал Ўзбекистоннинг нуфузли интернет сайтларида, жумладан, Qalampir.uzXS.uz (Халқ сўзи online) ва Effect.uz сайтларида ушбу хабар эълон қилинди: «Нур-Султон шаҳрининг номи қайта Остонага ўзгартирилади».

Бироқ бу хабар асоссиз (ёки ёлғон) эди, чунки…

Ўзининг кутилмаган ҳазиллари билан танилган Fishki.net сайти 2019 йил 1 апрель куни «Город Нурсултан переименуют обратно в Астану» деган мақола эълон қилди. Мақола 1 апрель ҳазили бўлиб, ундаги барча маълумотлар тўқиб чиқарилган ва вақт ўтиб барчанинг ёдидан кўтарилганди.

Мақола муаллифлари ҳаммаси ҳазил эканлигини ҳам ёзиб қўйишган.

Бироқ бир йилдан сўнг 7 июнь куни соат 6:50 да журналист Баҳодир Аҳмедов телеграм каналида «Fishki.net»нинг ҳазилини эслайди:

Нимагадир Баҳодир Ахмедов постни 5 соатдан сўнг ўчирган.

Мақоланинг ҳазил эканлигига эътибор бермаган Xs.uz cайти (эҳтимол бошқалардан аввалроқ эълон ёки хайп қилиш учун) соат 11:56 да (таржима) мақолани эълон қилади.

Фейк хабар 1616 марта кўрилган.

Ортидан Effect.uz сайти соат 17:19 да таржима қилинган мақолани “ўғирлайди”, бироқ улар ҳам мақола ҳазил эканлигига эътибор беришмайди.

Фейк хабар 716 марта кўрилган.

Qalampir.uz ҳам улардан қолиб кетишни хоҳламайди.

Бу сафар фейк хабарни кўпчилик, нақ 20212 киши ўқийди.

Қизиқ ҳолат: биласиз, Баҳодир Аҳмедов Qalampir.uz сайтида ишлайди. Шу сабаб баъзи саволлар туғиладики, Qalampir.uz Баҳодир Аҳмедовдан ўзлари сўраб олишар?

Хуллас, оддийгина ҳазил Ўзбекистонга келиб, жиддий сиёсий ахборотга айланиб кетди.

Ҳали ҳам ишонмаяпсизми? Кечаги «Рутан» билан боғлиқ воқеага эътибор беринг!

Podrobno.uz 5 йил аввал «Рутан» препарати ихтиро қилинганлиги ҳақида пост эълон қилган бўлса-да, кеча «Рутан»нинг яна ихтиро қилинганлигини ёзди. 300 дан ортиқ сайтлар ва телеграм каналларида «Ўзбекистон олимлари коронавирусга қарши дори ихтиро қилди» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Негадир, менинг севимли нашрим Qalampir.uz ҳам улар орасида бор.

Бу хабарларни эса миллиондан ортиқ инсонлар ўқиди.

Хулоса қилиб айтганда, бундай кулгули ва ғалати ҳолатларга (1) интернетдаги кўчирмачилик ва миллий ахборот сигментида (2) fact checking (хабарнинг ҳаққонийлигини текшириш) йўқлиги сабабчидир.

Бундан ҳам кулгули ва ғалати ҳолатларни кейинги 2-мақоламизда ўқишингиз мумкин.

Ёлғон хабарлар (2-мақола)

Аввалроқ «Оддий ҳазил қандай қилиб Ўзбекистонда сиёсатга айланиб кетди?» сарлавҳаси остида 1-мақоламизни эълон қилгандик. 2-мақоламиз эса ростдан ҳам кўпчиликни хафа қилиши мумкин, шу боис олдиндан узр сўраймиз. Зеро, мақсадимиз миллий масс-медиамиз умумэътироф этилган принциплар асосида ишласа, тараққий этса…

Охирги вақтларда кўплаб фейк хабарларга дуч келиб, ўйлаб қолдим: ёлғон ахборотларни Ўзбекистонда тарқатиш осонми? Буни билиш учун Fikrat.uz билан тажриба ўтказдик.

23 май куни Fikrat.uz`нинг телеграм каналида энг кўп «ўғирланадиган» «Кун тарихи» рукнимизга атайин фактни бузиб кўрсатдик. Мени (Суқрот Тошкандийни) ҳали машҳурлик кўчасидан ўтмаган бўлсам-да, машҳур ёзувчи, дедик. Нима бўлди, биласизми? Ҳаттоки, Маданият вазирлиги ҳам менинг «машҳур ёзувчи» эканлигимни тан олди!

Бир нечта телеграм каналлар ҳам ҳар доимгидек ўғирлик қилишди. Лекин маълумотларни текшириб кўришмади.

Балки ўша куни шундай бўлиб қолгандир, деган изтиҳола билан ўтган куни яна «Кун тарихи» рукнида яна атайин бир фактни бузиб кўрсатишга қарор қилдик. Жорж Оруэллнинг «1984» романи (1949 йил эмас) 1948 йил нашрдан чиққан деб ёздик. Энг қизиғи, “ўғирлаганлар” сони ўтган сафарга нисбатан 2 баробар ошиб кетди. Биз эса бу гал ҳеч ким бундай қўпол хатога йўл қўймаса керак, деб ўйлагандик.

Биз яна ҳайрон қолдик. Учинчиси ҳалол дея, кечаги «Кун тарихи» рукнида 3-бор нотўғри факт қўшдик. Олмаота шаҳрини ҳозирги Нур-Султон шаҳри деб атадик (аслида Остона шаҳри номи Нур-Султонга ўзгартирилган). «Ўғри каналлар»да яна нотўғри фактлар айлана бошлади.

Демак, бизда бемалол ёлғон хабарларни тарқатиш мумкин, дея оламиз.

Яна бир нарсага эътибор қаратинг.

Агар кимдир бирор шахснинг, дейлик, қўл телефонини ўғирласа, у жиноят содир этганликда, яъни ўғирликда айбланади. Табиийки, унга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилади. Лекин кўриб турганингиздек, миллий масс-медиа маконида манбани кўрсатмасдан кўчириш – “ўғирлаш” одатий ҳолатга айланиб бормоқда. Fact checking умуман йўқ, десак ҳам муболаға бўлмас.

Яхшиси 3-мақоламизни кутинг…

Суқрот Тошкандий.