Финландиянинг биоиқтисодиёт бўйича тажрибаси ўрганилди

Финландия Европанинг шимолда жойлашган қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилиги ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўрмон хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг қадимий тармоғи бўлиб, жами 18 млн гектардан ортиқ ўрмон фондига эга ҳамда йилига 50-55 млн. м3 ёғоч кесилади. Кесилган дарахтлар фақатгина ёғочсозлик саноатида ишлатилиб қолмасдан, 100 фоиз қайта ишланиб, биомаҳсулотлар олинади. 

Бугунги кунда республикамиз тармоқ иқтисодиётидан биоиқтисодиётга ўтишда улкан салоҳиятга эга, аммо бу мақсадларга эришиш учун мамлакатда биоиқтисодий ёндашувларни саноат амалиётига жорий этадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш муҳим вазифа бўлиб турибди. Шу боис, Европа Иттифоқининг ERASMUS+ дастури асосида Латвия ҳаётий билимлар ва технологиялар университети ва Литванинг Витаутас Магнус университети, Финландиянинг JAMK амалий билимлар университетлари билан ҳамкорликда 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб республикамизда магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Магистратура ўқув режаси Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамкор олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Талабгорлар магистратура дастурига “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, Тошкент давлат аграр университети, Бухоро давлат университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалларида ўқишга ҳужжат топшириб, талабаликка қабул қилинди.

Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ва бошқа лойиҳа иштирокчилари ҳисобланган ОТМларнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Финландиянинг JAMK амалий билимлар университетида малака оширди.

Малака ошириш давомида Финландиянинг олий таълим тизимидаги янгиликлар ўрганилди. Профессор-ўқитувчилар JAMK амалий билимлар университети қошидаги Биоиқтисодиёт институтида олиб борилаётган тадқиқотлар, жумладан, ақлли қишлоқ хўжалигига асосланган лойиҳалар, ўрмон чиқиндиларини қайта ишлаш, биогаз ишлаб чиқариш билан танишди.

Бундан ташқари, замонавий сутчилик фермасида бўлиб, қорамол зотлари учун яратилган озуқа базасини ўрганди. Сўнгра, қулупнай ва олма етиштириш ҳамда қайта ишлаш оилавий фермер хўжалигида бўлиб, биологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш борасида тажриба алмашишди.

Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари Финландиянинг “Metsa” биомаҳсулот ишлаб чиқарувчи коорпорациясида бўлиб, унинг такомиллашган иш жараёни билан яқиндан танишди. Коорпорация 100 мингдан ортиқ ўрмон саноатига хизмат кўрсатувчи ўрмончилар жамияти ҳисобланиб, асосан ўрмон дарахтларини 100 фоиз қайта ишлаб, улардан биогаз, сифатли қоғоз маҳсулотлари, картонлар, целюлоза, қурилиш ва мебелсозлик саноатида фойдаланиладиган асосий хом-ашёларни Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларига экспортини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, биологик тола ва газламалар ишлаб чиқариб, уларни текстил саноатига етказиб бермоқда.

Шу билан биргаликда “Laukaa fish” балиқчилик тадқиқот марказида бўлиб, ақлли балиқчилик тизимида йўлга қўйилган тадқиқотлар ва уларнинг тадбиқи ўрганилиб, балиқ етиштиришда сувни тозалаш, озиқлантиришни масофадан туриб бошқариш бўйича янги инновацион технологиялар билан танишди.

Малака ошириш давомида JAMK амалий билимлар университети ва филиалнинг масъул профессор-ўқитувчилари биоиқтисодиёт магистратура босқичида ўқитиладиган фан модулларни янада такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашишди.

Ҳусниддин ХОНҚУЛОВ,

ТДАУ Самарқанд филиали

директорининг ўринбосари.