Forbes энг сахий миллиардерлар рейтингини тузди

Американинг Forbes нашри энг сахий америкалик миллиардерларнинг рейтингини тузди. Нашр уларнинг бутун ҳаёти давомида хайрия ишларига қанча маблағ сарфлаганлигини ҳисоблаб чиқди. Хайрия маблағлари 2020 йилгача, капитал эса 2021 йил январь ойининг ярми ҳолатига кўра ҳисобланган.

Уоррен Баффетт

Нашрнинг таъкидлашича, энг саховатли 42,8 миллиард доллар хайрия қилган медиа-магнат Уоррен Баффет бўлган. Баффетнинг умумий бойлиги 88,8 миллиард долларга баҳоланган. 2010 йилда Баффет америкалик миллиардерлар бойлигининг камида ярмини хайрия ишларига сарфлашга ундовчи "Thye Giving Pledge" ташкил этди. Баффетнинг ўзи бойлигининг 99 фоизини хайр-эҳсон учун ажратишга ваъда бермоқда.

Билл ва Мелинда Гейц

Рейтингда иккинчи ўринни Билл ва Мелинда Гейцлар эгаллади. Уларнинг бойлиги 120,7 миллиард доллар ва хайр-эҳсоннинг умумий миқдори 29,8 миллиард долларни ташкил этади. 2020 йилда эр-хотин икки йил мобайнида COVID-19 га қарши курашда 1,75 миллиард доллар сарфлашга ваъда беришди.

Жорж Сорос

Жорж Сорос Forbes рейтингида учинчи ўринни эгаллаб, ҳозирги 8,6 миллиардлик ҳолатига нисбатан умри бўйи 16,6 миллиард доллар хайрия маблағи сарфлади. Унинг «Очиқ жамият» жамғармалари дунёнинг 120 мамлакатида демократия ва сайловчилар ҳуқуқларига эътибор қаратган. У фақатгина 2020 йилда шу йўналишда 140 миллион доллар ажратди. Бундан ташқари, ўтган йили у камситишга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва журналистикани қўллаб-қувватлаш учун 1,2 миллиард доллар ажратди. COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Жорж Сорос Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантлар тиббий ёрдамига 37 миллион доллар хайрия қилди.

Майкл Блумберг

Тўртинчи ўринни Нью-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг эгаллади. Унинг бойлиги 54,9 миллиард долларни, хайр-эҳсоннинг умумий миқдори эса 11,1 миллиард долларни ташкил этади. Сахий америкалик миллиардерлар рўйхатига Amazon асосчиси Жефф Безос Маккензи Скоттнинг собиқ рафиқаси (5,83 миллиард доллардан кўпроқ хайрия қилган, бешинчи ўрин), шунингдек, Facebook раҳбари Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чан (2,7 миллиард доллар, ўнинчи ўрин) киради.

Г.Холдорова тайёрлади.