Фронтда беш марта яраланган Тошпўлат Жонузоқов: уруш мен учун 7 йил давом этган

1941 йил. Уруш бошланган, ҳамма ватан ҳимояси учун отланган кезлар эди. Пайариқ тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Тошпўлат Жонузоқов ҳам биринчилар қатори 1941 йил 14 май куни фронтга жўнади. Урушда мардлик кўрсатиб қўшиннинг олдинги сафларида борди. Беш марта яраланса ҳам Берлингача бўлган жангларда иштирок этди. Уруш тугаб ҳамма жонажон уйига қайтса ҳам Тошпўлат Жонузоқовдан дарак бўлмади, шунда кўпчилик уни ...

- Ўшанда эндигина 19 ёшга киргандим, - хотирлайди Тошпўлат бобо. – Ёш эмасмизми еримизга кирган душманни енгамиз, деб Берлингача бўлган жангларда қатнашдим. Оғир жангларда беш маротаба яраландим, ота-онам, яқинларимни қанчалик соғинган бўлсамда, душманни енгмагунча уйга қайтишга шошмадим. Германия шаҳарларигача жанг қилиб кирган кунларимизнинг бирида радиодан биз ғалаба қозонганимиз ҳақидаги хабарни эшитдик. Ғалабани Берлинда нишонладик. Уруш тугагандан кейин ҳам бир неча йил уйга қайтолмадим. Ниҳоят, 1948 йилда ўзим туғилиб ўсган Эшонхўжа қишлоғимга қайтиб, жамоа хўжалигида сувчи, бригадир бўлиб ишладим. Ўша вақтлари ҳаёт аввалгидан-да оғир, ҳар бир оилада йўқотиш, бедарак кетган оталар, фарзандлар қайғуси юракни тилка-пора қилади. Секин-асталик билан ҳаёт изига туша бошлади.

Минг шукрки, бугунги дориломон кунларга етдик. Ватан ҳимояси йўлидаги хизматларимиз унутилмаслиги рост. Ҳар йили давлатимиз раҳбари совға беради, саломатлигимизни тиклашимиз учун шароит яратилади. Бу йил Президентимизнинг табригини вилоятимиз ҳокимининг ўзи келиб ўқиб берди, совғалар топширди. Шу эъзоз-ҳурматлар туфайли бугун 97 ёшга кирдим, тўрт ўғил-қизни тарбияладим. Ҳозир 100 га яқин невара-чеварам бор, уларнинг йиғилиб келиши ҳовлимизни тўйхонага айлантиради. Илоҳим, юртимиз ҳамиша шундай тўйхона, тинчлик маскани бўлиб қолсин.

Ўз мухбиримиз.