Фуқаролар нега давлат раҳбари қабулига кирмоқчи?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят аҳолисидан 68,8 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошган.

Ушбу мурожаатларнинг 50 минг 503 таси, яъни 81 фоизи қаноатлантирилган. 525 таси узоқ муддатли назоратга олинган, 10 мингдан ортиғи бўйича тушунтириш берилган ва 763 таси рад этилган, 212 таси кўрмасдан қолдирилган.

Албатта, ҳар бир фуқаро ўзи ва бошқалар билан бирга давлат органлари, ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу юртдошларимизнинг конституцион ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилади ва бу ҳақда фуқароларга жавоб берилади.

Президент Халқ қабулхоналари фуқароларнинг ана шу ҳуқуқларидан фойдаланишларини таъминлашга хизмат қилиб келаётган институтлардан биридир.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойи натижалари шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси Самарқанд (29 фоиз), Тойлоқ (34 фоиз), Паст Дарғом (34 фоиз) туманлари ҳамда Каттақўрғон (34 фоиз) ва Самарқанд (34 фоиз) шаҳарларига паст бўлган. Вилоятдаги Халқ қабулхоналари назоратида кўриб чиқилган 47 минг 266 та мурожаатнинг 18 мингга яқини (39 фоизи) ижобий ҳал этилган.

Халқ қабулхоналарига ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан жами 4312 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда 5 мингдан ортиқ масала кўтарилган. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганимизда мурожаатлар 2021 тага камайган. Лекин Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Самарқанд шаҳри ҳамда Паст Дарғом, Ургут, Пахтачи ва Пайариқ туманларидан мурожаатлар кўпайган.

Мурожаатларда асосан, пенсия ва ижтимоий таъминот (7301 та), ижро иши, алимент ва қарз ундириш (6470 та), электр энергияси (5402 та) ва газ таъминоти (4956 та), ҳуқуқбузарликлар (4724 та), моддий ёрдам ва ҳомийлик (3129 та), ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари фаолияти (1763 та), даволаш ва тиббий хизмат кўрсатиш (1700 та), уй-жой билан таъминлаш (1502 та), бандлик (1427 та), йўл инфратузилмаси (1325 та) билан боғлиқ масалалар энг кўп қайд этилган. Шу билан бирга банк кредитлари, уй-жой фондини сақлаш ва бошқарувчи ташкилотлар фаолияти, йўл ҳаракати хавфсизлиги, судларда фуқаролик ишлари кўрилиши билан боғлиқ мурожаатларнинг долзарблиги ошган.

Ярим йил давомида тушган такрорий мурожаатлар 9425 тани ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 тага ошган. Бу фуқароларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топилмагани ёки мурожаатларда кўтарилган масалалар яна такрор содир бўлганидан далолат беради.

Жумладан, такрорий мурожаатлар электр энергияси таъминоти бўйича 414 та (75 фоиз)га, газ таъминоти бўйича 165 та (32 фоиз)га, банк кредитлари ва тадбиркорлик юзасидан 138 та (383 фоиз)га¸ пенсия ва ижтимоий таъминот бўйича 135 та (22 фоиз)га, судларда фуқаролик ишлари кўрилиши юзасидан 71 та (69 фоиз)га ошган. Энг кўп такрорий мурожаатлар Самарқанд шаҳри (1116 та), Паст Дарғом (1086 та), Каттақўрғон (864 та), Пайариқ (786 та), Пахтачи (698 та) ва Ургут (674 та) туманларидан келиб тушган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, секторлар кесимида энг кўп мурожаат (18 минг 370 та) учинчи секторлар ҳудудидан, энг ками эса (16 минг 996 та) тўртинчи секторлар ҳудудидан қайд этилган.

Маҳаллалар миқёсида эса Оқдарё тумани Янгиобод маҳалласининг 155 нафар фуқаросидан 241 та масала юзасидан, Самарқанд шаҳар Қорасув массивидан 144 нафар фуқародан 192 та масала бўйича, Паст Дарғом тумани Боғишамол маҳалласи 129 нафар фуқароси томонидан 282 та масала бўйича, Пахтачи тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи 126 нафар фуқародан               333 та масала қайд этилган мурожаатлар келиб тушган.

Бугунги кунда вилоятдаги ташкилотлар иш юритувидаги 3015 та мурожаатни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддати бузилган. Бу масала юзасидан ҳам тегишли чоралар кўрилиши таъминланган.

Аҳоли мурожаатларига ечим топишда раҳбарларнинг жойларда сайёр қабуллар ўтказиши яхши самара бермоқда. Йилнинг биринчи ярмида вилоятда сектор раҳбарлари томонидан 2345 марта сайёр қабул ўтказилиб, 15 минг 760 нафар фуқародан жами 16 минг 290 та масала юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 63 фоизи ижобий ҳал этилган.

Аммо, маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги, масъуллар томонидан аҳолига мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича тезкор ва ишончли ахборот тақдим этилмаётгани оқибатида республика даражасидаги раҳбарлар, жумладан давлат раҳбари қабулини ташкил этиш сўровлари тушишда давом этмоқда. Хусусан, вилоят аҳолисидан раҳбарлар шахсий қабулини сўраб 489 та, жумладан, давлат раҳбари қабулига кириш масаласида 208 та мурожаат келиб тушган.

Муаммолар жойларда ўз ечимини топмаганлиги туфайли 6 ой давомида 393 нафар фуқаро 660 та масала бўйича Тошкент шаҳрига бориб, Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Бу фуқароларнинг 208 нафари Самарқанд шаҳридан, 95 нафари Паст Дарғом, 53 нафари Тойлоқ, 51 нафари Ургут ва 41 нафари Пахтачи туманида яшовчилардир.

Вилоят ташкилотларининг кўп мурожаат қилувчи фуқаролар билан манзилли ишлаш даражаси ҳам сустлигича қолмоқда. Жумладан, ярим йилда 333 нафар фуқаро 10 мартадан 50 мартагача, 10 нафари 50 мартадан кўп мурожаат қилган.

Ярим йиллик фаолият сарҳисоби ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, сектор масъуллари фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, жойларда сайёр қабуллар ўтказиш орқали улар билан бевосита мулоқот қилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларга ўз вақтида ечим топишлари зарур бўлади.

Маматжон Турдиев,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири.