Футбол: «Динамо»-«Насаф» беллашуви финалга тенг бўлади

Суперлиганинг ўтган 25-турида Самарқанднинг “Динамо” жамоаси “Сурхон” клубини мағлуб этиб, ўзининг 12 учрашувдаги мағлубиятли сериясига барҳам берди ва уларда яна Суперлигада қолиш имконияти пайдо бўлди. Чунки чемпионатда яна бир жамоа “Бухоро”нинг ҳам худди шундай имконияти бор. Бу икки жамоа ҳам бир хил - 21 тадан очко тўплаган. Лекин ўзаро ўйинлардаги устунлик бухороликларда бўлгани учун, вазият «Динамо»нинг фойдасига бўлмаслиги ҳам мумкин. Бугун уларнинг бири қуйи лигага тушиб кетади.

Самарқандликлар жамоасининг тақдири ўз қўлида эмас, балки «Бухоро» – «АГМК» ўйинида. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам бугун «динамо»чилар Қарши шаҳрида “Насаф”ни мағлубиятга учратиш учун майдонга тушади.

Дарвоқе, 2015 йилги мавсумнинг сўнгги турида «АГМК» (Олмалиқ) Самарқанддаги сўнгги учрашувда 90+4-дақиқада гол уриб (1:1) «Динамо»ни қуйи лигага тушириб юборган бўлса, Т.Агамуродов мураббийлигида «Бухоро» Суперлигада жон сақлаб қолган эди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, бу гал Агамуродов энди «Динамо»да. «АГМК» эса «Бухоро» билан ўйнайди. «Динамо»чилар ўз тақдири учун қаттиқ кураш олиб бормаса, келгуси йили самарқандликлар катта футболдан мосуво бўлиши мумкин.

Дил МУРОД тайёрлади.