G20 давлатлари раҳбарлари COVID-19 га қарши вакциналарни адолатли тақсимлаш мажбуриятини олди
“Йигирматалик гуруҳи” (G20) давлатлари раҳбарлари якшанба куни якунига етган саммитда имзоланган Ар-Риёд декларациясига кўра, ривожланмаган давлатлар вакцинация жараёнидан қолиб кетмасликлари учун дунё бўйлаб COVID-19 га қарши вакциналар, дори-воситалари ва тест таҳлилларининг адолатли тақсимланишини амалга ошириш, тарғибот ишларида кўмак бериш мажбуриятини олди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
“Биз COVID-19 га қарши хавфсиз ва самарали диагностика, муолажалар ва вакциналарни тадқиқ қилиш, ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва тарқатишни қўллаб-қувватлаш мақсадида глобал соғлиқни сақлаш тизимининг долзарб молиявий эҳтиёжларини қондириш учун маблағ жорий этдик. G20 тамойилларига биноан инновацияларни рағбатлантириш, барча инсонларнинг арзон ва тенг ҳуқуқли фойдаланишини таъминлаш йўлида бор кучимизни аямаймиз”, дея таъкидлашди G20 раҳбарлари икки кунлик саммит якуни натижаларига кўра қабул қилинган декларацияда. Коронавирус пандемияси туфайли саммит иккинчи марта виртуал форматда ўтказилди.
G20 саммити 22 ноябрь куни Ар-Риёд декларациясини қабул қилиш билан ўз якунига етди. Шундан сўнг Саудия Арабистони “йигирматаликка” раислик қилиш ҳуқуқини Италияга топширди.
1999 йилдан буён “йигирматалик гуруҳи” иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва ривожланаётган энг йирик мамлакатларнинг норасмий бирлашмаси бўлиб, унга 19 та давлат (Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Африка, Жанубий Корея ва Япония) ва Европа Иттифоқи аъзо ҳисобланади.