Газ ва электр нархи нега ошиб бормоқда?
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашади.
Аҳоли ошган нархларда тўловларни амалга оширишни бошлайди. Табиийки, бу икки ресурснинг нархи кўтарилиши мамлакатдаги инфляция даражасига ҳам таъсир кўрсатади.
Биламизки, энг зарурий эҳтиёжлардан бўлган табиий ва суюлтирилган газ, электр энергиясининг нархлари кўтарилса, аҳоли чапак чалиб кутиб олмайди.
Бу истеъмолчининг чўнтагига жиддий таъсир этиши турган гап. Шундай экан, тегишли вазирликлар нархлар оширилишини эълон қилиш билан бирга, нархнинг кўтарилишига таъсир қилган омиллар ҳақида ҳисобот бериб ўтиши шарт.
Иқтисодчи мутахассисларнинг фикрича, газ ва электр нархларининг кўтарилишига қуйидаги омиллар таъсир қилиши мумкин.
- Иш ҳақининг ошиши. Чунки табиий газ ва электр энергиянинг тан нархига тизимда ишловчи ходимларнинг маоши киритилган бўлади.
- “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари олаётган дивидентлари ҳисобига нархлар оширилиши мумкин. Бироқ бу 1 январь ҳолатига кўра амалга оширилади. Ҳозирда эса, 1 июнь санасида нархлар кўтарилмоқда.
- Аҳолига сотилаётган табиий газ ва электр энергияни белгилашда юқорида айтилганидек, тан нархидан келиб чиқилади. Маҳсулот тан нархига эса уни ишлаб чиқариш харажатлари, яъни, жаҳон бозоридаги хом ашё, нефть нархининг ошиши таъсир қилиши мумкин.
1 июн санасидан кўтарилаётган нархга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарори рўкач қилинмоқда. Демак, Вазирлар Маҳкамаси 5 ой аввал жаҳон бозоридаги нархларни тахмин қилган ҳолда нархларни оширишни мўлжаллаганми?
Бу орада жаҳон бозоридаги хом ашё нархлари тушиши ҳам мумкин эди-ку? Агар бизда аҳоли истеъмолига қаратилган табиий газ ва электр энергияси нархларининг жаҳон бозоридаги курсларга алоқаси бўлса, нега нархлар тушганда, бизда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмайди?
Сўнгги 30 йил ичида қачон табиий газ ва электр энергия нархлари арзонлашиши кузатилди?
Анора Содиқова,
ЎзА мухбири.