Газета одамлар дардини айтса, халққа яқин бўлади
Самарқанд шаҳрида “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари ижодкорларининг муштарийлар билан учрашувида бош муҳаррир Ҳусан Эрматов бу фикрни алоҳида қайд этди.
– Бугунги шиддаткор даврда ахборот олиш манбаалари жуда кўп, – деди Ҳ.Эрматов. – Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар ахборот олиш ва тарқатиш учун қулай майдонга айланди. Шу билан бирга телевидение, радио ва газеталар ҳам бу функциясини йўқотган эмас. Айни пайтда бутун дунёда бу жараён кузатилмоқда. Ана шундай шароитда газета чоп этиш мураккаб бўлаётганини ҳам барчамиз яхши биламиз. Лекин бу ижтимоий тармоқларда айримлар ёзаётганидек “газета ўлади”, дегани эмас.
Ҳар қандай шароитда ҳам босма оммавий ахборот воситалари ахборот тарқатиш, одамларда жамиятда кечаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ижтимоий фикрни шакллантиришга хизмат қилаверади. Кўряпмиз, бугун замонавий ахборот технологиялари ривожланган давлатларда ҳам газеталар ўз ўрнини йўқотган эмас. Замон шиддатига мос тарзда фаолият кўрсатиб, ўқувчиларига янги гап айтишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, бизда ҳам бугун газета таҳририятларининг иш фаолияти, ахборот тарқатиш услублари давр талабидан келиб чиқиб ўзгармоқда. Чунки газетада жамият ҳаёти акс этиши, одамларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалалар кўтариб чиқилиши керак. Газета ана шу муаммолар ечимига хизмат қилса, халққа яқин бўлади. Муштарийлар “бугун газета қайси муҳим масалани кўтариб чиқар экан”, деб нашрни кутмоқда.
Юртимизда ҳам кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларига муносабат ўзгарган. Тўғри сўзни айтиш, ҳаёт ҳақиқатини баён этиш учун журналистга, оммавий ахборот воситасига ҳеч қандай чеклов ёки тўсиқ қўйилмаган. Президентимизнинг ўзи журналистларни жамиятдаги иллатларга қарши муросасиз бўлишга, кўпроқ танқидий-таҳлилий материаллар ёзишга даъват этмоқда. Бундай пайтда оммавий ахборот воситалари вакилларидан жасорат эмас, теран нигоҳ, уйғоқ фикр, фаросат талаб қилинади.
Бизнинг газеталаримиз ҳам юртимиздаги, жамиятимиздаги ўзгаришларга монанд фикр айтишга, саҳифаларимизда ҳаёт ҳақиқатини акс эттиришга ҳаракат қилмоқда. Бунга ўзингиз ҳам гувоҳсиз. Лекин бугун газеталаримизни яна ҳам ўқишли, мазмун-мундарижасини кенгайтириш учун нималарга эътибор беришимиз кераклиги ҳақида сизларнинг фикрингизни билиш учун бу ерга келдик. Юзма-юз мулоқот қилишни жоиз деб билдик.
Учрашувда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов бугунги кунда айрим газеталар муҳаррирларининг “обуна камайиб кетди” деб нолиб ўтиравермасдан жойларга чиқиб, муштарийлар билан учрашиши, уларнинг таклиф ва истакларини тинглаган ҳолда ишлаши кераклигини таъкидлади.
– Илгари газета таҳририятлари ўз ўқувчилари билан тез-тез учрашувлар ўтказарди ва икки томон учун ҳам фойдали бўларди, – деди Ҳасан Нормуродов. – Аммо кейинги пайтда бундай тадбирлар камайиб кетди. Икки йилдан буён “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бу анъанани давом эттираётгани эътиборли. Мен кузатиб бораман, ўтган йил самарқандлик муштарийлар билан ўтказилган учрашувда айтилган таклифлар, мулоҳазалар кейинчалик газета фаолиятида ўз ифодасини топди. Бу газеталар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг нашрлари ҳисобланса-да, уларда фақат шу тармоқ эмас, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгилик ва ўзгаришлар ёритилмоқда. Айниқса, танқидий-таҳлилий материаллар, республика аҳамиятига молик муҳим ташаббусларга кенг ўрин берилмоқда. Шу орқали газета ўқувчилари сафи кенгаймоқда, газетани сўровчилар кўпаймоқда.
Самимий мулоқот давомида “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Самарқанд давлат университети профессори Ф.Набиев, Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Рафиқов ва бошқалар ҳам бугунги кунда газета ва газетхонлик, обуна масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Айни пайтда газеталарнинг ўз вақтида ўқувчиларга етиб бормаётгани ҳам обунага салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Бу ўринда газета ва журналларни етказиб бериш билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо бериш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув қатнашчилари сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг яқинда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти (uza.uz) ва “Ишонч” газетасида чоп этилган “Илк ва сўнгги сўзимиз: Ватан” сарлавҳали материали ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб, нашрларимизда ана шундай таҳлилий материалларнинг чоп этилиши, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқимиз ва жаҳон афкор оммасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беришини таъкидладилар.
Тадбир давомида муштарийларга газеталар ижодкорлари томонидан тайёрланган “Бир йилга бир назар” китоби ва “Ишонч” газетасининг Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан чоп этилган махсус сони совға қилинди.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ.