Германия Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳалокат режимини жорий этди
Германия Мудофаа вазирлиги мамлакат ғарбидаги тошқинлар сабабли ҳарбий ҳалокат режимини жорий қилди. Душанбадан бери минтақада икки ойлик миқдор ёмғири ёғди, Рейн ирмоқлари – Ар ва Моселле ҳамда бир нечта кичик дарёлар қирғоғидан тошиб чиқди.
Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд-Пфальц ерлари айниқса зарар кўрди. Тупроқнинг чўкиши туфайли баъзи уйлар қулаб тушди. Минтақада қутқарувчилардан ташқари, 900 га яқин ҳарбийлар ишламоқда.
Тошқиндан аллақачон юздан ортиқ одам ҳалок бўлгани тасдиқланди. Мингга яқин киши бедарак йўқолган. Расмийларнинг таъкидлашича, йўқолганлар сони камроқ бўлиши мумкин, чунки сув босган йўл ва уяли алоқа тармоғи узилганлиги туфайли зарар кўрган ҳудудларда бўлганлар билан алоқага чиқишнинг иложи бўлмаяпти.
Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер тошқин оқибатида вайронагарчиликлар кўламидан "ҳайратда қолганини" айтди ва қурбонлар оилаларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, у мамлакатларни глобал исиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда кўпроқ куч сарфлашга чақирди.