Германияда Шавкат Мирзиёевнинг прогрессив ғояси ҳақидаги китоб чоп этилди
“Cotton-Textile Cluster — lokomotive of the economic development” («Пахта-тўқимачилик кластери — тараққиёт локомотиви»). Рисоланинг номи шундай.
У Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори М.Раҳматов, академик, биология фанлари доктори, профессор Б.Зарипов, НамДУ ўқитувчиси Б.Ниёзметов, юртимизда фаолият юритаётган BCT ва TCT кластерлари лойиҳа координатори М.Раҳматов ҳамда бош менежери А.Баҳромов муаллифлигида инглиз тилида нашр этилди.
Китобда мамлакатимизда кейинги йилларда аграр секторда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасига татбиқ этилаётган инновациялар, ноу-хаулар, янги ғоялар ва уларнинг амалдаги самаралари, одамлар ҳаётига кўрсатаётган ижобий таъсири кластерлар фаолияти мисолида кенг очиб берилган. Бунда нафақат матн, балки тасвирлар, инфографикалар, диаграммаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Унда эътироф этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида ҳамда раҳбарлиги остида Ўзбекистонга кластер тизими олиб келиниб, амалиётга жорий этилди ҳамда шу бўйича дунё бўйича ноёб тизим яратилди. Хўш, бу ҳаётда қандай самара беряпти? Ўқувчилар китобда ушбу саволга муфассал ва тушунарли жавоб олишлари мумкин.
Аввало, олимларимиз давлат раҳбари томонидан илгари сурилган «Буюк келажагимиз бугундан бошланади», «Ўзбекистон халқи эртага эмас, бугун бахтли яшаши керак» тамойилларининг мазмун-моҳиятини айнан ўзбекона кластерлар асосида чуқур таҳлил қилиб беришган. Эътироф этилганидек, 2017 йилдан бери пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада юзага келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш борасида самарали механизмлар яратилди. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, кластер ва манфаатдорлик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажагидир.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида иш юритишнинг кластер тизимига ўтилишидан кўзланган биринчи мақсад — ердан самарали фойдаланиш, — дейди профессор Муртазо Раҳматов. — Қолаверса, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар сотиш, даромадни ошириш орқали дала меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини кўтаришдир. Зеро, аграр жабҳадаги натижалар биргина ҳосилдорлик кўрсаткичи билан ўлчанадиган даврлар ўтиб кетди. Олинадиган даромад ва соф фойда асосий мезонга айланиши керак. Китобда ана шу жиҳатни нафақат назарий ва илмий тарафдан, балки ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўзбекистонда қисқа давр ичида бу борада эришилган натижалар ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Бухородаги BCT ва Тошкент вилоятидаги TCT кластерлари фаолиятига мурожаат қилдик, аниқ деталлар ва далилларга суяндик.
Оддий мисол, фермерлар толанинг бир килосини 1,5 долларга сотса, кластерлар пахта хом ашёсини бундай арзон баҳога сотмайди. Уларда 1,5 долларлик хом ашёни 25 доллар қийматга айлантириш имконияти бор. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 килограмм толадан калава ип йигирилса, унинг баҳоси 2,5 долларга, мато тўқилса 5,5 долларга, тайёр тикувчилик маҳсулотига айлантирилса эса ўртача 15 — 25 долларга тенг бўлади. Мана, кластернинг асосий устунлиги қаерда?!
Кластернинг яна бир афзаллиги аҳоли бандлигини таъминлашда кўзга ташланмоқда. Чунки ҳар 100 гектарда 15 — 25 нафар киши доимий иш билан таъминланиши, уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, ойлик маош берилиши керак. Афсуски, фермер хўжаликларида бунинг уддасидан амалда чиқилмагани оқибатида чекка ҳудудларда ишсизлик масаласи энг оғриқли муаммога айланди. Кластер усулига ўтилгач, одамлар йил — ўн икки ой иш билан таъминланди, меҳнатига яраша ҳақ берилмоқда. Бугун улар қишлоқ хўжалигидаги кластер ислоҳоти самараларини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Рисолада бу масалалар ҳам қамраб олинган.
Умуман олганда, Германияда нашр қилинган мазкур китоб дунё ҳамжамиятини Президент Шавкат Мирзиёевнинг элни фаровон, халқни бой қилувчи ушбу ғояси мазмун-моҳиятидан яқиндан хабардор этиш, Ўзбекистонинг ноёб тажрибаси билан яқиндан таништириш, демакки, Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилади. Айниқса, чет эллик ишбилармонлар, инвесторлар, экспертлар, давлат ва нодавлат сектор вакиллари учун мамлакатимиздаги ўзгаришларга оид зарур маълумотларни олишларида қимматли манбага айланиши мумкин. Бу ўз навбатида давлатлар ўртасида нафақат иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини, балки «халқ дипломатияси»ни ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилади деган умиддамиз.