Гитлер Германияси нега Учинчи рейх деб аталган?
1933 йилда дунё харитасида Учинчи Рейх, деб аталган янги давлат пайдо бўлди. Гитлер етакчилигидаги ушбу давлат 1933 йилдан 1945 йилгача, 12 йил сақланиб турди. Биз “Учинчи Рейх” деганда Гитлер Германиясини назарда тутилишини биламиз. Бироқ бу ном қаердан келганлиги тўғрисида эса...
“Рейх” сўзи қадимий герман тилидан таржима қилинганда “давлат”, “салтанат”, деган маъноларни беради.
Биринчи рейх – бу 962 йилда германлар қироли Оттон I томонидан барпо этилган герман миллатларининг муқаддас Рим салтанати ҳисобланади. Биринчи рейх қадимий Рим салтанатининг меросхўри сифатида ифодаланган ва итальян, немис, болқон, франк ва ғарбий-славян миллатлари ва давлатлари ўртасидаги иттифоқни таъминлаган. Иттифоқнинг маркази Германия бўлган. Герман миллатларининг муқаддас Рим салтанати 1806 йилда Наполеон қўшини томонидан йўқ қилинган.
Иккинчи рейх 1871 йилда буюк немис канцлери Отто фон Бисмарк саъй-ҳаракати туфайли барпо этилган. 1871 йилгача Пруссия ва юзлаб герман графликлари мавжуд бўлган. Бисмаркнинг ташаббуси билан немислар Шимолий-герман иттифоқи ёки Иккинчи рейх давлати остида бирлаштирилган. Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятидан сўнг Иккинчи рейх 1918 йилда ноябрь инқилоби оқибатида йўқ қилинган.
“Учинчи рейх” тушунчасининг муаллифи, миллатчилик қарашлар тарафдори бўлган немис ёзувчиси ва таржимони Артур Меллер Ван Ден Брук ҳисобланади. Гитлер Германияси вужудга келишидан ўн йил илгари, 1923 йилда у нашрдан чиққан китобини “Учинчи рейх” деб номлаган. Артур Меллер тушунчасига кўра, рейх – бу барча немислар учун ватан бўла оладиган ягона давлат. Шу билан бирга у “Учинчи салтанат ғояси, энг фалокатли сароб бўлиб чиқиши, Германия ўзининг учинчи салтанати ҳақидаги орзуси туфайли ҳалок бўлиши мумкин”, дея огоҳлантирган.
Иккинчи рейх қулагандан сўнг Германия Веймарск республикаси, деб атала бошланди. Гитлер ҳукумат тепасига келганидан кейин миллатчилар яна мамлакат номини ўзгартирди. Германияга Учинчи рейх, деб ном қўйилди. Гитлер Учинчи рейх ғоясини Артур Меллер Ван Ден Брук таълимотидан ўзлаштирди. Ёзувчи шахсан Гитлер билан учрашган ва у ҳақда унчалик яхши фикрда бўлмаган. Меллер Ван Ден Брук 1925 йилда ўз жонига қасд қилган.
Гитлернинг фикрича, Учинчи рейх минг йиллаб ҳукмронлик қилиши керак эди. Шу сабабли у Учинчи рейхни “Минг йиллик Рейх” деб ҳам атаган. Бироқ миллатчиларнинг дунёни эгаллаб олиш режаси 12 йилда барбод бўлди. 1945 йилда Учинчи рейх ер юзидан йўқ қилинди.
Иккинчи жаҳон урушидан ва фашист Германияси қулаганидан сўнг “рейх” ибораси умуман муомаладан чиқиб кетди. Ҳозирги кунда немислар “федерал” маъносини берувчи “бунд” сўзини қўллайди. Мисол учун, “рейхстаг” эмас, “бундестаг”.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.