Гонконгда савдо марказида ёнғин содир бўлди, 300 дан ортиқ киши томда қолмоқда

Гонконгдаги катта ёнғин оқибатида савдо маркази томида 300 дан кўпроқ киши қолиб кетди, 7 киши жароҳат олди, деб ёзади South China Morning Post.

Аввалроқ полиция 100 га яқин одам бешинчи қаватдаги очиқ майдонга эвакуация қилинганини маълум қилган эди.

Шунингдек, газета маълумотларига кўра, етти киши ис газидан заҳарланган, улардан тўрт нафари касалхонага етказилган. Икки киши қурбон бўлгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.

Қайд этилганидек, ёнғин электрон жиҳозлар жойлашган хонада бошланган.

Гонконгдаги Kozuey-Bey ҳудудидаги Жаҳон савдо маркази биносида ёнғин маҳаллий вақт билан 12:37 (Тошкент вақти билан 9.37) да бошланган. Маълум қилинишича, офислар ва савдо маркази жойлашган бинода асосан дўкон ва ресторанларга ташриф буюрувчилар қолган. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум.

Сўнгги хабарларга кўра, марказидан 160 га яқин одам эвакуация қилинди, касалхонага ётқизилганлар сони 8 нафарга етди.