Ҳафта ўртасида ҳарорат пасаяди
“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага янада илиқроқ бўлиши кутилмоқда, кундузи ҳаво ҳарорати +24...+27 даражагача кўтарилади ва республиканинг аксарият қисмида ёғингарчилик кузатилмайди.
22 ноябр, чоршанба кунига бориб, шимолий-ғарбий ҳудудлардан кириб келаётган нам ҳаво массаси бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тарқалади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғолди ҳудудларида айрим жойларда кучли ёмғир кузатилади.
23 ноябр куни ёғингарчилик кутилмайди. 24 ноябрда ҳам республиканинг барча ҳудуди бўйлаб ҳаво қуруқ бўлади.
20-22 ноябр кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, 21-23 м/с гача етиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати 22-24 ноябрда +13...+18 даражагача, баъзи жойларда +10...+12 даражагача пасаяди. 23-24 ноябр кунлари кечаси ҳарорат +3...+6 даражагача пасаяди, шимолда -1...-3 даражагача бўлиши мумкин.