Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳандалак”нинг тақдири нима бўлди?

Кейинги пайтларда театр, кинотеатр ва концерт залларига одамлар кирмай қўйди. Улар санъаткорларнинг чиқишларини ҳатто телевидение орқали томоша қилишдан кўра, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда кузатишни афзал кўряпти. Бир пайтлар кўпчиликни ўзига ром этган, масалан, “Ҳандалак” ҳажвий кўрсатувидаги қатра хандалар ўрнини ижтимоий тармоқлардаги турли хил бўлар-бўлмас “вайн”лар эгаллаяпти. Бунинг қандай ижобий ва салбий жиҳатлари бор?

Таниқли сўз устаси, истеъдодли санъаткор Ортиқ Султонов билан суҳбатимизда шу ва бошқа саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

 - Яхши биламиз, асли ургутликсиз. Узоқ вақт пойтахтда ижод қилдингиз ва бугун яна Самарқанддасиз. Бунга нима сабаб бўлди?

- Бир пайтлар ҳар қайси ижодкор Тошкентга интиларди. У ерда телевидение орқали чиқиш қилиш имконияти бўларди. Мен ҳам дўстим Зокир Очилдиев билан бирга жамоа тузиб, танилиш истагида пойтахтга йўл олганмиз. Ҳаракатларимиз бесамар кетмади. “Ҳандалак” номи билан туркум ҳажвий кўрсатувларимиз орқали мухлислар кўнглидан жой олиш бахтига муяассар бўлдик. Бугунги кунда эса танилиш, машҳур бўлиш учун Тошкентга бориш шарт эмас. Уйда ўтириб ҳам интернет - ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиб, бу истакни амалга оширса бўляпти. Самарқандга қайтишимнинг асосий сабабларидан бири бу ердаги ижодий муҳитни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, ёш истеъдодли ижодкорларга йўл-йўриқ кўрсатишдир.

- Самарқанддаги бугунги ижодий муҳит ҳақида нималар дея оласиз?

- Тўғрисини айтиш керак, бу ердаги ижодий муҳит жуда оғир. Самарқанд шаҳри маданият бўлимида бир муддат раҳбар бўлиб ишладим. 60 кишилик жамоада бор-йўғи 4-5 нафар ходим олий маълумотли. Бундан ташқари санъаткорларнинг аксарияти фонограммадан фойдаланади, устига-устак бировларнинг қўшиқларини айтиб юради. Бир даврада таниқли санъаткорнинг чиқишига гувоҳ бўлдим-да. У Алишер Файзнинг оналар ҳақидаги бир қўшиғини айтяпти. Бу – ачинарли ҳолат. Ўзигаям айтдим ўз устида ишлаши, янги қўшиқлар яратиш кераклигини. Бу қийин иш эмас. Масалан, мен қизиқчиман, аммо ўзимнинг  60 га яқин қўшиқларим бор.

Самарқандга миллионлаб сайёҳлар келяпти. Уларни кутиб олишда, албатта, санъаткорлар иштирок этади. Шаҳарда катта имкониятлар пайдо бўляпти. Фақат улардан тўғри фойдаланиш керак. Ўйлайманки, Самарқанд ижодий муҳити 2030 йилларга бориб, пойтахтникидан қолишмайдиган даражада бўлади.

- Сизнингча, айнан Самарқандда туризмни ривожлантиришда санъатнинг аҳамияти қандай?

- Давлатимиз раҳбарининг Самарқандга бир ташрифида ҳар бир олий таълим муассасасида театр, ашула ва рақс жамоаларини ташкил этиш кераклигини айтганди. Бу катта гап. Тасаввур қилинг, 13 та олий ўқув юртининг ҳар бирида 3 тадан жамоаси бўлса, бу – 39 та жамоа дегани. Кейинчалик бу ишни бошлаш таклифи билан ректорларга мурожаат қилганимда улар ҳар бир жамоага раҳбар кераклиги, уларни ойлик маош билан таъминлаш лозимлигини айтишди. Бу масалани вазирликка ҳам олиб чиқдим. Ҳар бир олий ўқув юртига 3 нафар маданият ходими ишга олинса, 2 миллион сўмдан ойлик берилганда ҳам 6 миллион сўм ажратилиши лозим бўлар экан. Афсуски, бу масала ҳал этилмади. Менимча, айнан шундай жамоалар шаклланиши керак, деб ўйлайман. Бу Самарқандда сайёҳлик салоҳиятининг ошишига сезиларли даражада ҳисса қўша олади.

Вилоятда тарихий обидалар кўп, аммо уларнинг атрофида миллий санъатимизни кўрсатиб берувчилар йўқ. Маданий туризм, деймиз-ку. Сайёҳлар объектларни шунчаки кўздан кечиргани қандай-у, ҳар бир қадамжони зиёрат қилиш билан бирга миллийлигимизни акс эттирган санъаткорларимизнинг чиқишларини томоша қилгани қандай. Тасаввур қилинг, масалан, Ҳазрати Довуд мажмуасидаги мингта зинанинг ҳар ўнтасида бир томоша кўрсатсак, шунингдек, юқорида актёрларимиз тарихий шахсларимизнинг от миниб юрган, чўпонларнинг қўй боқаётган жараёнларини намойиш этса...

- Мухлисларингиз сизни Зокир Очилдиев билан бир жуфтлик, яъни “ҳандалак”чилар деб билишади. Сиз Самарқандга қайтдингиз, Зокир ака пойтахтда қолди, “Ҳандалак”нинг тақдири нима бўлди?

- Ҳа, кейинги пайтларда кўпчилик, “Зокир билан нега ажрашиб кетдинглар?”, деб савол беради. Мен эса ҳазиллашиб, “фарзанд бўлмади”, деб қўяман. Аслида Зокир билан орамиздаги дўстлик риштаси мустаҳкам. Оилавий борди-келди қиламиз. Ёш пайтимизда бирга ижод қилдик. “Ҳандалак”ни яратдик, у бизни элга танитди. Хабарингиз бор, бир муддат Тошкент давлат маданият ва санъат институтида дарс берганман. Ўша пайтларда илмий изланишлар олиб бориш истаги бор эди. Ҳозир шунинг вақти келди, деб ўйлайман. Самарқандга келишимнинг яна бир сабаби - шу. Зокир эса пойтахтда ижодини давом эттиряпти. Яқинда у мен билан бирга катта концерт намойиш этиш истагида эканлигини айтди. Катта концерт учун кўп вақт ва меҳнат талаб қилинади. Ҳозирча илмий иш билан шуғулланмасам бўлмаслигини айтдим. Аммо келажакда биргаликда янги лойиҳалар устида ишлаш ниятимиз йўқ эмас.

- Бугунги кунда театр, кинотеатр ва концерт томошабинлари камайиб кетяпти. Бунга нима дейсиз?

- Бир пайтлар концерт ташкил қиладиган бўлсак, эълон илиб қўярдик, одамлар ўзлари истаб чипта сотиб олиб, кираверарди. Кейинроқ ташкилотларга бориб, ўзимиз чипта сотадиган бўлдик. Ҳозир учинчи жараён кетяпти. Ташкилотларга бориб, чипталарни бепул тарқатамиз, аммо томошабин концертга келмаяпти. Бу нима дегани? Оддий, жайдари тушунтиришга ҳаракат қиляпман. Бу – санъаткор билан томошабин ўртасидаги мулоқот шакли эскирди, дегани. Илмий иш қилишимдан асосий мақсад ҳам ана шунинг янгича шаклини излаб топиш, бугунги ўзбек санъатининг замонавий модулини яратиш.

Яқинда Америкага ижодий сафаримда бир жараёнга гувоҳ бўлдим. Кўп қаватли бинонинг биринчи қавати ташқи деворига бир санъаткорнинг расмини илиб қўйибди. Ичкарида унинг театри, тамаддихона. Ҳар куни мухлислар йиғилиб, шу ерда кофе ичиб, санъаткор ижодидан баҳраманд бўлиб кетяпти. Ҳар қандай саҳна асарини жонли кузатишнинг завқи бошқача. Қолаверса, катта саҳнадаги асарларнинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта бўлади. Албатта, бу асарлар муаллифларининг илмли, салоҳиятли эканлигига ҳам боғлиқ.

- Бугун ижтимоий тармоқларда қизиқчилик қилиш мақсадида чиқишлар қилаётганларга, яъни “вайн”чиларга муносабатингиз қандай?

- Ҳар бир ишнинг яхши ва ёмон томонлари бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасига ҳам муносабатим салбий, десам яхшиларига зулм қилиб қўйган бўламан. “Вайн”чилар орасида халқимизбоп ижод қилаётганлариям бор, афсуски, улар жуда кам. Кўпчилиги олди-қочди, турли тиллардан чала-чулпа таржима қилинган гаплардан фойдаланяпти. Ҳаттоки, сўкинишлар ишлатяпти. Шарм-ҳаёсиз қилиқлар қиляпти. Албатта, мен бунга қаршиман. Бизга институтда мантиқни бузиш мумкин, аммо мантиқан бузиш кераклиги ўргатилган. “Вайн” бўладими, “Тик-ток” бўладими, ҳақиқий, санъат даражасида бўлсагина мақсадга мувофиқ.

- Яқинда Самарқандда концерт ташкил этиш ниятингиз бор экан.

- Ҳа, 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни олдидан, байрам туҳфаси сифатида таниқли хонандалар, Самарқанднинг ёш истеъдод эгалари билан биргаликда 3 кун концерт уюштиришни мақсад қилганмиз. Вилоятнинг фаол аёллари, давлат мукофоти совриндорлари, Осиё ва жаҳон чемпионлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи хотин-қизларни таклиф қиляпмиз. Буни эшитган айрим саховатпеша инсонлар, “қайси бир кунги концерт дастурингизда менга рухсат берсангиз, бориб 20-30 нафар хотин-қизга совға улашаман”, деган ташаббус билан чиқяпти.

- Мухлисларга тилакларингиз!

- Биз санъаткорлар мухлисларимиз омон бўлишини, тўйларида, яхши кунларида хизмат қилиш насиб этишини истаймиз. Соғ бўлишсин!

- Суҳбатимиз ҳали тугамади, сабаби, бу суҳбатни ноодатий якунлашни истагандим, яъни бир латифангиз билан, ҳаётий, қизиқарли бўлса янада яхши бўларди.

- Айни пайтда концертга тайёргарлик жараёнида кўпроқ аёллар, оила мавзусидаги латифалар билан ишлаяпман. Айтишади-ку, эркакнинг ҳар бир муваффақиятининг ортида бир аёл туради, деб. Бўлган воқеалардан бирини айтиб бераман. Латифалар ўзи ҳаётий гаплардан олинса янаям қизиқ бўлади.

Раҳматли отам гўшт дўконига бориб “Икки кило торт, яхши жойидан, хўжайин айтди”, дебди жиддий оҳангда. Ўша пайтларда “хўжайин” деса кўпчиликнинг оёғи қалтирайдиган дамлар бўлган. Қассоб суяксиз жойидан икки кило гўштни олиб, қоғозга чиройли қилиб ўраб (у пайтларда полиэтелин пакетлар бўлмаган), отамнинг қўлига тутқазибди. Кейин эса “Амаки, хўжайин айтди, дедингиз, у қайси хўжайин", деса, отам ҳам ҳазилкаш бўлган, “Кампирим-да, ким бўларди. Менда бошқа хўжайин нима қилсин”, дермиш.

Тўлқин СИДДИҚОВ суҳбатлашди.