Ҳақиқий “Робинзон”лар

Ёзувчи Даниель Дефонинг “Робинзон Крузо” романи дунёдаги энг машҳур ва энг кўп ўқиладиган китоблардан биридир. Роман сюжетида бўлганидек, ҳаётда ҳам кимдир кимсасиз оролга тушиб қолиб, у ерда ҳаётининг бир неча йилини ўтказган ҳолатлар бўлиб ўтган. Фантастик ҳикоя ҳисобланмаган ҳақиқий Робинзонларнинг саргузаштлари ҳам ақлбовар қилмайдиган даражада ҳайратланарли бўлган.

Саёҳатчи Дэниэль Фосс киши қадами етмаган оролда 5 йил яшади

XVIII асрнинг охирида Фосс «Негоциант» кемаси экипаж аъзолари билан шимолий денгизлар бўйлаб денгиз ҳайвонларини овлаб саёҳат қиларди. Кема айсберг билан тўқнашганда 21 киши жон сақлаб, қайиқда қочишга муваффақ бўлди.

Бир ярим ой давомида улар икки киши тирик қолгунгача сузишди. Кўп ўтмай, қайиқ қирғоққа ташланди, у ерда Фосс охирги ўртоғини йўқотди.

Орол денгиз мушуклари яшайдиган кичик тошлоқ ердан иборат қўрқинчли жой эди. Айнан шу ҳайвонлар гўшти ва ёмғир суви Дэниелнинг омон қолишига ёрдам берди.

Беш йил ўтгач, 1809 йилда Фосс ўтиб кетаётган кема томонидан олиб кетилди.

Том Нил —  ёлғизликда 16 йил

Ихтиёрий ёлғизлик ҳақида ҳикоялар ҳам мавжуд. Янги Зеландияда яшовчи Том Нил қарийб 16 йил давомида «Суворов маржон ороли»ни ўз уйига айлантирди. У биринчи марта оролга 1952 йилда келганида товуқларни хонакилаштирди, боғ очди, балиқ, қисқичбақа, денгиз моллюскаларини овлаб еди. У деярли уч йил давомида оролда шу тарзда яшади ва олган оғир жароҳатидан сўнг уни олиб кетишди.

Бироқ бу унинг оролга қайтишига тўсқинлик қилмади: Том 1960 йилда яна уч ярим йилга, 1966 йилда эса ўн йил яшаш учун ўз «жаннати»га қайтди.

Шундан сўнг Нил ёзган “Мен учун яралган орол” китоби бестселлер (бозоргир китоб)га айланди.

Жереми Бибс – оролда 74 йил яшаган Робинзон

1911 йилда ҳалокатга учраган «Beautiful bliss» (Фароғатли ҳаёт) кемасида фақат 14 ёшли Жереми тирик қолди. Ёш ўсмир саргузашт романларни яхши кўриб мутолаа қиларди. Қизиғи, Даниель Дефонинг “Робинзон Крузо” романи унинг севимли китобларидан бири эди.

Айнан шу китобдан у тирик қолишнинг асосий кўникмалари  - тақвим юритиш, ов қилиш ва кулбалар қуришни ўрганиб олди.

Йигит оролда 88 ёшигача 74 йил оролда яшаб, қаришга муваффақ бўлди. Катта ерга уни фақат 1985 йилда олиб кетишди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.