Ҳар бир фуқаро фаол бўлмоғи шарт

Мамлакатимизда янгиланаётган Конституция ҳақида ҳар бир фуқаро учун фикр билдириш, таклифлар киритиш имконияти яратилди. Эълон қилинган лойиҳа билан қайта-қайта танишдик, уни ўқиб-ўргандик. Бу лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 10 мартда бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган эди.

Унга кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Янгиланиш жараёни 65 фоизга тенг бўлди.

Ватан тақдирига, ўз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро Қомусимизга киритилаётган янги моддалар муҳокамасида фаол иштирок этди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни амалда кўрсатишга яна бир бор имкон туғилди. Демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатимизни намоён қилдик. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланишини кўнгилдан ҳис этдик.

Инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда, давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяндик. Шу асосда янгидан қабул қилинаётган Конституциямиз учун фаол овоз бериш ҳақиқий фуқаролик бурчимиз эканини яхши биламиз.

Мен вазифам жиҳатидан кўплаб фуқаролар билан мамлакатимизда ўтаётган бу сиёсий жараён бўйича суҳбатлашдим. Уларнинг бариси референдум ҳақида фикрларини баён этишади, халқимизнинг ижодкорлиги, ташаббускорлиги ҳақида гапиришади. Конституцияга киритилаётган янги моддаларнинг аҳамияти тўғрисида ўз фикрларни баён этишади. Масалан, улар прописка ва хорижга чиқиш масаласида узоқ йиллар қийинчиликларга учраганлари тўғрисида гапиришади. Энди эса бундай мушкулликларнинг бариси тарихга айланиб қолади. Чунки, янгиланаётган Конституциямиз барча соҳалар бўйича фуқаронинг эрки, ҳуқуқининг амалда намоён этилишига хизмат қилади.

Фирдавс МАРДОНОВ,
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 2-сон ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи, капитан.