Қонуний ҳуқуқларимиз янги конституциямизда янада кенгаймоқда

Юртимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, судлар фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш масаласи судларнинг ўзига ўтказилганлиги, суд ходимларининг ижтимоий таъминоти яхшиланганлиги, суд мажлисида тортишувчанлик тамойилларини тўлақонли мустаҳкамлаш мақсадида ҳимоя институтига кўплаб имкониятлар яратиб берилганлиги ва бошқа бир қатор изчил ислоҳотларни мисол қилиб келтириш мумкин.

2023 йилнинг 30 апрелида ўтказилиши режалаштирилган референдумнинг асосий мақсадлардан бир ҳам юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилишдир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциясида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда, юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганлар ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жабрланганларга ҳимояланиш ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаши, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратилиши таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтириш йўлида қабул қиладиган қонунларимиз учун хизмат қилиши кутилаётган янги Конституциямизда уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуклари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши мумкинлиги каби ҳуқуқлари конституция даражасида мустаҳкамлаш кафолатлари берилмокда. Бундан ташқари, янгиланаётган Асосий қонунимизда ҳар кимга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш конституциявий ҳуқуқи берилаётир.

Янги Ўзбекистонимизда адолатсиз «тизим»дан буткул воз кечиб, инсон ҳуқуқларини қонуний жиҳатдан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилган янги Конституциямиз мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори сифатида хизмат қилади.

Нарзулла МУРОДОВ,

ФИБ Самарқандшаҳар суди раиси.