Ёшлар ўз келажаги учун овоз беряпти

Янги Конституция бўйича референдум олдидан “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Уларда давлат идоралари вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этиб, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишлар мазмун-моҳияти ҳақида чиқишлар қиляпти.

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ҳам шундай тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Конституциянинг ҳар бир моддаси инсон қадри учун хизмат қилишини таъкидлади.

- Барча соҳаларда муҳим янгиланишларга бефарқ бўлмаслик ҳар бир инсоннинг ўз Ватани олдидаги бурчидир, - дейди Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. - Кейинги йилларда ёшларнинг сифатли таълим олиши ва етук кадр бўлиб етишишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Улар томонидан эришилаётган ютуқлар салмоғи ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда имкониятлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам фойдаланиши учун улар янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйиляпти.

Тарғибот тадбирида пойтахтдан келган санъаткорлар ўз чиқишлари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.