Янгиланаётган Конституцияда асосий мезон: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади

Самарқанд давлат университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари иштирокида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев Конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида маъруза қилди. Амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаяётгани ва амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилаётгани, қўшимчалар экспертлар томонидан қўллаб-қувватлангани таъкидлади.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти ва унга киритилаётган асосий ўзгартишлар ҳақида сўз юритди.

- Янгиланаётган Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган ва асосийси, «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир» деган норма белгиланмоқда, - деди Н.Исмоилов. - Жумладан, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, фуқаролар суд ҳукмидан норози бўлиб, Конституциявий судга мурожаат этишлари ҳам янгиланаётган Қомусимизда белгиланмоқда.

Семинар давомида маҳаллий Кенгашлар депутатлари Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.