Ҳашар учун юқоридан кўрсатма зарурми?

Кўклам насими эсиб, дилимизга яқин бўлган – Наврўз айёми кириб келиши билан табиат уйғониб, борлиқ жонланишга юз тутади. Бундай уйғоқлик албатта, одамлар қалбига ҳам қўр ташлаб белига қувват, қўлига куч бағишлайди ва теварак-атрофни обод қилишга, боғ-роғлар яратишга ундайди. Ота-бобомиздан қолган бу удум ва анъаналар асрлар оша сизу бизга ўтиб келмоқда.

Ҳар йили Наврўз олдидан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиб келинаётганлиги ҳам ана шу мақсадни кўзда тутади.

Бу йил Наврўз арафасида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш борасида даъват эълон қилинмади, ҳеч ким ҳеч кимни безовта ҳам қилмади.

Бу ҳам бир синов бўлди. Биз қачонгача юқоридан даъват кутиб иш кўрамиз? Ишорани баҳор, Наврўз нафаси сизу бизга айтиб турибди-ку.

Бундай аччиқ-нордон гапларни айтишимизга сабаб бор. Ўтган дам олиш кунларида жойларда умумхалқ ҳашари ўтказилмади ҳисоб. Ваҳоланки, қанчадан-қанча идора ва ташкилотлар, муассасалар, хиёбон ва майдонларни шу кунларда тозалаб, тартибга келтириш, ободонлаштириш ишларини бажариш мумкин эди. Ободонлаштириш бошқармаси томонидан айрим кўчалардаги дов-дарахтларни оқлаш ишлари бажарилганлигини ҳисобга олмаганда бундай ишлар маҳаллаларда деярли адо этилмади. Ҳовли-жойлар атрофи, идоралар олдидаги ерлар ҳамон тақронлигича турибди. Шаҳарни қўя турайлик, дала-даштларда аллақачон баҳорги юмушлар бошланганига қарамасдан қишлоқ ва маҳаллаларда оммавий сафарбарликни кўрмадик.

Энди савол туғилади. Хўш, фуқароларимиз чорловга одатланиб қолган экан, уларнинг қалбини ким уйғотади? Маҳалла-кўйнинг кучи қаерда қолди? Доимо ўзлари ташаббускор бўладиган ҳурматли оқсоқолларимиз, нуронийларимиз нега жим юришибди? Бундай улуғ ва хайрли ишларнинг доимо бошида бўлиб қоғозни тўлдириб ҳисоб беришга одатланган шаҳар ва туман ҳокимликлари, ўнлаб бошқармалар, идора ва корхоналар раҳбарлари наҳотки ҳашар ташкил этишни унутган бўлишса.

Ҳар қандай чақириқсиз ўз манзил-маконимизни обод қилиш, гулу гулзорга айлантиришни қачон ўрганамиз.

Адҳам ҲАЙИТОВ.