Ҳаётнинг буюк саволига жавоб излаб яшаётган журналист
Тириклик тегирмони бир маромда айланар экан, умр залвори остида сониялар парча-парча бўлиб бораверади — машаққатлар гирдобида кунлар йўқликка юз тутади. Мана шу мушкуллик ичра қалб гавҳарини бутун сақлай олган кимсагина саодатга эришади. Бундай инсон асл маънони — умр ҳикматини англаган кишидир. Юрагини сўзга боғлаб, 50 йилдан буён радио ва газета журналистикасида самарали ижод қилиб келаётган Олим Хўжаев шахси ва фаолияти ҳақида ҳам ана шундай дейиш мумкин...
***
1952 йил. Пахтачи туманининг Султонобод қишлоғи. Ноябрь ойи якунланаётганига қарамай колхоз далаларида пахта терими қизғин. Кузак шамоли этни жунжиктираркан, ана шу изғиринда эру хотин, кекса-ю ёш эгатларда пахта териш билан овора. Барчанинг кайфияти тунд — чаноқларда қолган сўнгги умидлар-да этакларни тўлдирмайди!
...Ҳамиша яхши бир сўзга маҳтал одамлар орасида шу дам бирдан шивир-шивир бошланди. Шу куни қишлоқдаги Хўжа бобонинг авлодлари, ёш ўқитувчилар Файзулла Хўжаев ва Шарофат Салоева хонадонида иккинчи фарзанд — иккинчи ўғил дунёга келганди. Бу хушхабар қишлоқда тез тарқаларкан, одамлар кайфиятидаги ҳорғинлик бир қадар чекинди. Шу куни ўқитувчилар хонадонига келиб-кетувчилар ҳам кўп бўлди. Катталар маслаҳатлашиб гўдакка Олимжон, дея исм қўйишди. Уларнинг бирдан-бир илинжи — оддий қишлоқнинг фарзанди келажакда халққа нафи тегадиган катта инсон бўлишини дил-дилдан исташганди.
***
Агар ота-она ўқитувчи бўлса, борингки, ана улар ишлаётган мактабда фарзанд ҳам таълим олса, бу бола зиммасига икки карра масъулият юклайди — “ўқитувчининг фарзанди” деган таърифга ҳамиша мос бўлиш керак!
Қишлоқнинг 6-сонли мактабида таълим ола бошлаган Олимжон ҳам анча-мунча тиришқоқ, барча фанларда аъло ўқувчи эди. Аммо унинг яна бир хислати — футболга бўлакча меҳри бор эдики, дарсдан сўнг стадиондан бери келмасди.
— Отам физика-математика фанидан 40 йил дарс берган бўлсалар, онам бошланғич синф ўқитувчиси эдилар, — дейди ёшлик чоғларини эслаб О.Хўжаев. — Оилада беш нафар фарзанд улғайганмиз. Дадамиз бизларни эркалатмас, вақтимизни бекор ўтказишга ҳам йўл бермасди. Мени эса кўп тўп тепганим учун баъзан койирдилар, аммо мактабда баҳоларим яхши бўлгани учун кўпинча индамасди. Отам санъатни севарди, мақом қўшиқларини айтарди. Акам Тоҳир Хўжаев ҳам Тошкентда таълим олиб, ўзбек тили фани ўқитувчиси бўлди. У киши Навоий вилоятининг “Дўстлик байроғи” газетасида ҳам фаолият олиб борган. Оиламизда ҳамиша ижодий муҳит бўлган ва биз мана шундай даврада катта бўлиб, журналистикага қаттиқ қизиққанмиз. Мен ўзим мактаб чоғларимданоқ газеталарга хабарлар ёзардим ва улар асосан “Пахтакор овози” (ҳозирги “Пахтачи”) туман газетасида чоп этиларди.
Мана шу кичик-кичик хабарлар, аслида кейинга катта ҳаёт йўлига бир ишоралар эди. Дастлаб, спортга бўлган қизиқиши 8-синфни битирган О.Хўжаевни 1967 йилда Самарқанд жисмоний тарбия педагогика билим юртига етаклади. Бу ерда тўрт йил таҳсил олиб, сўнгра ўз қишлоғидаги мактабда фаолият бошлади. Бир неча ойдан сўнг ҳарбий хизматга отланиб, йигитлик бурчини ўтаб келгач, Самарқанд давлат университети рус филологияси факультетига ўқишга кирди. Бу вақтда Олимни катта ижод давралари кутиб турганди...
***
Олий таълимдан сўнг мактабда яна педагоглик фаолиятини давом эттирган бўлажак журналист мақолалар ёзишдан тўхтамади. 1982 йилда Навоий вилояти ташкил этилганидан сўнг эса уни вилоят радиосига ишга таклиф қилишди. Бу кутилмаган, бироқ журналистикага ҳавасманд инсон учун муҳим таклиф эди. Мана шу ижод мактабида Шукур Нурбоев, Ризо Худойқулов, Ёрқул Умаров, Анатолий Иванов ва бошқа бир қатор устозларнинг қўллаб-қувватлаши билан қалами чархланиб борди. Ўзбек таҳририятида иш бошлаган ёш ижодкор каттагина ва оғир репортёр қурилмасини елкасига осганча олис Қизилқумнинг турли нуқталаридан репортаж ва лавҳалар тайёрлар, тез орада эшиттиришлари республика радиосида ҳам қўйила бошланди. Шу тариқа О. Хўжаев тамал тоши қўйилган Навоий журналистика мактабининг ривожланишида фидойилик билан меҳнат қила бошлади.
— Бу инсон ҳақида гапириш мен учун бир томондан осон ва бир томондан қийин, — дейди шифокор ва журналист, навоийлик таниқли спорт шарҳловчиси Раҳмонқул Болтаев. — Чунки биз ёшликдан бирга катта бўлганмиз, битта жамоада футбол ўйнаганмиз. Кейинчалик Самарқанд шаҳрида ҳам бирга таҳсил олдик. Ҳам ижод, ҳам ҳаётда ҳамкормиз, айниқса спорт соҳасида маслакдошмиз. Бир сўз билан айтганда, Олимжон ака ҳар бир соҳада ўз фикрига эга етук инсон, интилувчан ва забардаст журналист. Мен у кишидаги мана шу хислатларни қаттиқ ҳурмат қиламан.
***
2010 йил, ёз. Диққинафас шифохона палатасида ўрнидан қўзғалмаганча ҳафталаб танасидаги оғриқ билан курашаётган журналист бошини кўтарганча дераза томонга қарайди. У анчадан буён сон суяги емирилишидан азият чекар, илгари тик оёқда кўп юрилганидагина билинган оғриқ энди давомий тус олганди.
Ташқаридаги тиниқ осмон, ям-яшил дарахтлар ҳам негадир унинг кўнглига таскин бермайди шу онда. Каравотга тираб қўйилган ҳассага қараркан, қалби янада хижил бўлади. Шифокорлар энди у мана шу ҳассада юриши шартлигини таъкидлашган. Қачон чекинади бу дард?! Наҳотки, у энди мана шу ҳассага суяниб қолса?! Курашувчан, бутун ҳаётида ҳаракатдан тўхтамаган, серғайрат инсон учун бу бир тақдирнинг “ҳазили”дек — синов аслида. Шу вақт қаламкашнинг юрагига қандайдир сўзлар қуйилиб келаркан, ёстиғи остидаги ён дафтари ва ручкасини олиб, алланималарни қоралай бошлади. Илҳомнинг шавқидан танасидаги оғриқ ҳам сезилмай қолди. Кейин тўхтаб, яна ҳассага термулди. Ахир, нега ўксинади, у бутун умр суянган ҳамроҳи — қалами бор-ку!
Шу кундан бошлаб ўзидаги куч ва ғайратни яна уйғота билан О.Хўжаев секин-аста ҳасса билан юришни бошлади. Худди қадрдон қалами каби мана шу суянчиқ ҳам унинг доимий ҳамроҳига айланди...
***
— Олим ака бугунги кунда ҳам фаол ижод қиляпти, у кишининг шижоати ёшларга ўрнак, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. — Уюшма аъзоси сифатида пресс-турларда, матбуот анжуманларида доимий қатнашиб келади. Айни вақтда ёш ижодкорлар учун “Олим Хўжаев маҳорат мактаби” ҳам ташкил этилган. У киши мунтазам равишда журналистика бўйича ўз ҳаётий тажриба ва билимларини ёшларга ўргатиб келаётгани яна бир эътирофга лойиқ иш аслида.
Ҳар бир журналист нимадир ёзар экан, бунда муҳим мезон мана шу қайдларнинг йиллар юкига нечоғли бардошлилиги, бугун эълон қилинаётган мақола эртага ўқилиши билан ҳам боғлиқ. Бир нечта китоблар муаллифи Олим Хўжаев ҳам бугун “Пахтачи фарзандлари” номли китоб тайёрлаш устида ишламоқда. Бу борадаги туркум мақолалар эса маҳаллий матбуотда чоп этилиб бориляпти.
— Мақола ёзишда ўзимга қўядиган талабларим бор, — дейди фахрий ижодкор биз билан суҳбатда. — Аввало, ёзадиган ҳар бир соҳамни иложи борича чуқур ўрганишга интиламан. Сабаби, мен тайёрлайдиган “маҳсулот” оддий мактаб ўқувчисидан тортиб раҳбаргача тушунарли бўлиши лозим. Мазкур жараёнда керагидан ортиқ фактлар йиғишга одатланганман. “Ортиб қолса майли, етмай қолмасин” деган шиорим бор, шунга ҳамиша амал қиламан.
***
Инсон ҳаётида — меҳнат фаолиятида эришадиган барча муваффақияти, аввало, оиласидаги тинч-тотувлик билан боғлиқ. Олим Хўжаев девор-дармиён қўшниси Сайёра Исмоилова билан турмуш қурганига ҳам 40 йилдан ошди. Икковлон тўрт нафар фарзандни ўстириб, вояга етказишган бўлса, ушбу оила фарзандларининг барчаси эл корига ярайдиган инсонлар — кончилик, тадбиркорлик каби соҳаларда фаолият юритмоқда.
“Ҳаётнинг буюк саволи — одамлар орасида қандай яшаш”, дейди фаранг файласуфи ва адиби Алберт Камю. Ҳамиша тўғрисўз, ҳаракатчан ва хушчақчақ замондошимиз Олим Хўжаев ўз ижод ва умр йўли билан мана шу азалий жумбоқнинг ечимини исбот этиб келмоқда. Етмиш довондан ошаётган устоз журналистга қизғин ижод доимо йўлдоши бўлишини тилаб қоламиз!
Озод МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.