Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас

1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида эълон қилинди.

Бу кунни нишонлаш тўғрисида 1983-1992 йилларни қамраб олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ногиронлар ўн йиллигининг охирида қарор қабул қилинди.

Бугун дунёда тахминан 800 миллион нафар ногирон истиқомат қилади ва уларнинг барчаси жамият ҳаётидаги кенг кўламли, самарали ва тенг ҳуқуқли иштирокини чеклайдиган, жисмоний, ижтимоий-иқтисодий ва ахлоқий тўсиқларга дуч келади.

БМТ маълумотларига кўра, улар дунёдаги энг камбағал аҳолининг ҳаддан ортиқ кўп улушини ташкил қилиб, таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий кўмак каби асосий манбалардан тенг равишда фойдалана олмайди.

Шу сабабдан 3 декабрь куни Халқаро ногиронлар кунининг ўтказилиши ногиронларнинг муаммоларига, хусусан, уларнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокидан юзага келадиган афзалликка жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, ногиронлар қадри, ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Айтиш жоизки, 1982 йилда Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган ногиронларга нисбатан Бутунжаҳон чора-тадбирлар дастурида инсон ҳуқуқига тўлиқ ва тенг риоя қилиш ва ногиронларнинг жамият ҳаётидаги иштироки каби мақсадлар илгари сурилган. Ҳар йили мазкур сана доирасидаги тадбирлар маълум шиор остида ўтказилади.

Шу муносабат билан бугун Самарқанд агроинновация ва тадқиқотлар институтида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори билан бир қанча тадбир ва лойиҳалар ташкил этилди. Тадбирда институтда таҳсил олаётган ногиронлиги бор талабаларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги институт ректорининг буйруғи билан таништирилди. Уларнинг ҳеч бири жамиятдан четда қолмаслиги, ҳар бирининг ўз ўрни бор эканлиги таъкидланди.   Имконияти чекланган талабаларга намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиётганлиги учун ташаккурнома ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

Шунингдек, Миллий қомусимизнинг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган “Конституция ҳафталиги”доирасида институтда имконияти чекланган талабалар билан “Конституция дарси” ташкил қилинди. Дарс мобайнида талабаларга янги Конституциямиз, ундаги ўзгаришлар ҳақида ҳамда ушбу қомусимизнинг тўлиқ инсон манфаатлари учун хизмат қилиши тўғрисида тушунчалар берилди.

Шунингдек, институтда шахмат-шашка мусобақаси ташкил этилиб, унда имконияти чекланган талабалар ўзаро ва устозлари билан куч синашди. Мусобақаларда талабалар катта қизиқиш билан иштирок этди. 

Ўз навбатида талабалар учун дастурхон тузалди. Бир пиёла чой устида талабалар билан дилдан суҳбатлашилди. Тадбирга байрамона тус бериш учун улар ўртасида бадиий чиқишлар, викториналар ташкиллаштирилди.

Раҳимжон Норжигитов,

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи.