Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳиндистонда музлик кўчиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 кишига етди

Хабар берганимиздек, Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатида музлик кўчиши рўй берди. Унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 кишига, бедарак йўқолганлар сони 170 нафарга етди, дея хабар берди ҳодиса содир бўлган Чамоли округи полицияси.

Ҳиндистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, якшанба куни эрталаб ўпирилиб тушган музлик «Ришиганга» дарёси сув сатҳининг кўтарилишига олиб келди ва 13,2 МВт қувватга эга «Ришиганга» гидроэлектростанциясини ювиб кетди. Тошқин Дхаулиганга дарёсидаги “Тапован” гидроэлектростанциясига ҳам зарар етказди.

Қидирув операциясида миллий ва маҳаллий қутқарувчилар, ҳинд-тибет полицияси ходимлари ва ҳарбийлар иштирок этмоқда ва туннелда қолиб кетганларни қутқариш бўйича операция давом этмоқда. Қутқарувчилар туннелга йўл очишга уринишяпти.

«Тапован» ГЭСини қураётган ва фавқулодда вазият вақтида туннелда бўлган 15 киши чиқариб олинди. Айни пайтда ишчиларни бошқа бир туннелдан олиб чиқиш давом этмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, у ерда 30-35 тача одам бўлиши мумкин.