Ҳокимдан ноутбук сўраган аёл олдинроқ уй ҳам олган экан
Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар” боғида ўтказилган навбатдаги қабулда дастлаб 270 нафарга яқин мурожаатчи рўйхатга олинган бўлса, соат 11:00 га келиб уларнинг сони 770 нафардан ошиб кетди. Жараёнда ҳар бир мурожаатчи хоҳишига қараб вилоятнинг биринчи раҳбари ёки мутасадди ташкилот раҳбарлари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.
Жумладан, Самарқанд туманининг Чарбойи маҳалласидан келган Н.Саидмуродов оиласи 30 йилдан буён фойдаланиб келаётган ерда ноқонуний қурилиш бошлангани, агар у ер майдони аукционга чиқарилса, сотиб олишга тайёр эканлигини айтиб мурожаат қилди. Фуқаронинг айтишича, у бу масала билан бир неча марта масъуллар олдига борган, аммо улардан қониқарли жавоб ололмаган. Вилоят ҳокими туман мутасаддиларига қаттиқ огоҳлантириш бериб, ноқонуний қурилишни бузиш ҳамда ерни қонунда белгиланган тартибда аукционга чиқариш бўйича топшириқ берди.
Самарқанд шаҳрининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Г.Ҳусаинова бошчилигидаги маҳалла фаоллари эса ҳокимдан кўчасини асфальт қилиб беришни сўради.
— Кўчамизда 15 та хўжалик истиқомат қилади, - дейди Г.Ҳусаинова. – Ўтган вақтда ҳашар йўли билан ундан оқова тизимини ўтказдик, ариқлар ковладик, шағал ётқизиб, текисладик. Фақат асфальт масаласида қўлимиз “калта”лик қиляпти. Ҳокимнинг олдинги қабулида ҳам қатнашган эдим. Ўшанда ҳоким ободонлаштириш бошқармасига мурожаатимни ижобий ҳал қилиш бўйича топшириқ берган эди. Лекин орадан шунча вақт ўтди ҳамки, кўчамиздан ҳеч ким хабар олмади.
Э.Турдимов фуқаронинг мурожаатига эътиборсиз қараган масъулларга нисбатан маъмурий чора кўриш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, айтилган кўчага бир ҳафта ичида асфальт ётқизилиши билдирилди.
Вилоят ҳокимининг қабулига бир масала билан қайта мурожаат қилиб келганлар ҳам бўлди. Лекин уларнинг барчаси ҳам шикоят эмас. Аксинча, муаммоси ҳал этилгани учун масъулларга миннатдорчилик билдириш учун келганлар ҳам кўп бўлди.
- Вилоят ҳокими Каттақўрғон туманида сайёр қабул ўтказган вақтида маҳалламни обод қилишда ёрдам сўраган эдим, - дейди Паст Дарғом туманининг Болдир маҳалласидан келган Учқун Саломов. – Ҳоким ўшанда “Ўзинг учун эмас, маҳалланг учун сўраяпсанми? Бу ишни кечиктириб бўлмайди”, деганди. У сўзида турди, қисқа вақтда маҳалламизнинг ички кўчалари асфальтланиб, янги симёғочлар ўрнатилди, трансформатор ҳам янгисига алмаштирилди. Бу гал маҳалладошларим номидан миннатдорчилик билдириш учун келдим.
Қабулда тўрт мучаси соғ бўла туриб, ниманидир бўлиб қолиш илинжида келганлар ҳам оз эмас экан. Шундай фуқаролардан бири ногирон отасини етаклаб келиб, ҳокимдан бепул ер беришни сўради. Ер ажратиш унинг ваколатида эмаслигини билгач, дўкон қуриб беришни талаб қилди. Тойлоқдан келган яна бир мурожаатчи аёл эса синглиси учун ноутбук сўради. Масаланинг қизиқ томони, у аввалроқ арзонлаштирилган уй-жой ҳам олган экан. Шундан кейин туман ҳокимлиги томонидан 1 йилдан ортиқ вақт давомида унинг уй-жой учун олган ипотека кредитининг фоизи тўлаб берилган. Доимий равишда ижтимоий ёрдан олиб келадиган бу фуқаронинг синглиси ўқишга кирганда ҳам унинг бир йиллик контракт пули ҳокимлик томонидан тўланган. Шундай бўлса-да, вилоят ҳокими мурожаатчини беумид жўнатмади. Ёшлар ишлари агентлиги унинг синглисига кредит эвазига компьютер олишда кўмак берадиган бўлди.
Умуман олганда, тадбирда шунга ўхшаш, шароитидан нолиб, ёрдам сўраганлар кўп бўлди. Кимдир уйимни таъмирлаб бер деса, яна кимдир бепул уй бер дейишдан ҳам уялмади. Вилоят ҳокими бундай мурожаатларни ўрганиш учун тегишли туман ва шаҳар масъулларига йўналтирди.
Сайёр қабул якунида 20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан бизнесдаги муваффақиятлари ҳамда ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган бир гуруҳ ишбилармонлар тақдирланди.
Асқар Баротов.