Ҳужжатсиз савдо қилаётган “тадбиркор”ларнинг маҳсулоти олиб қўйилди

Бугун тадбиркорликнинг бошини тутиб, даромад олиш ва мамлакатга наф келтириш тадоригидаги ғайратли инсонлар учун зарур шароитлар яратилаётганини қайд этиш лозим. Зеро, азми қатъий ва шижоатли тадбиркори кўп юрт бой бўлади.
Афсуски, ҳеч бир рўйхатдан ўтмасдан, амалдаги тартиб-қоидаларга панжа орасидан қарайдиган, солиқ тўлашдан бўйин товлаб, “Фақат ўзим наф кўрсам бўлди, қолгани билан ишим йўқ” деб фикрлайдиган “тадбиркорлар” ҳам бор. Лекин бундай муносабатда бўлиш кўпга чўзилмаслиги муқаррар.
Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларида ҳужжатсиз равишда алкоголь маҳсулотлари билан савдо қилаётган фуқароларнинг фаолиятига чек қўйилмоқда.
Жумладан, иштихонлик М.Р. лицензиясиз алкоголь маҳсулотлари билан савдо қилишни ўзига касб қилиб олган. Назорат тадбирида 1 миллион 320 минг сўмлик ароқ далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Нарпай туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.З. алкоголь маҳсулотлар билан ҳужжатсиз савдо қилаётгани назорат тадбирида аён бўлди. Натижада, 658 минг 500 сўмлик маҳсулотлар олиб қўйилди. Ургутлик А.Н. ҳам белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмайдиганлар тоифасидан бўлиб чиқди. Йўқса, у ҳам алкоголь маҳсулотлари билан ҳужжатсиз савдо қилмас эди. Лекин назорат тадбирида унинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракати юзага чиқиб қолди.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.