Ҳунарли ишсиз қолмайди. корея ўқув марказининг 238 нафар битирувчиси дипломли бўлди
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси вакиллари, Корея таълим ва технологиялар университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
– Жорий йил июнь ойида мазкур марказ битирувчиларининг 211 нафарига диплом топширилган эди, – дейди КOICAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Сонг Сеунг Ил. – Уларнинг аксарияти бугун эгаллаган касблари бўйича тегишли ташкилотлар билан шартнома асосида ишга жойлашди. Улар орасида ўз бизнесини йўлга қўйганлари ҳам бор. Ўйлайманки, бу галги битирувчилар ҳам ўзлаштирган касбий кўникмаларини амалда қўллайди.
Иштирокчиларга битирувчиларнинг автомобилларга хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик, ахборот технологиялари мутахассислигига оид ҳамда ўзбек ва корейс маданияти акс эттирилган тасвирий санъат асарлари кўргазмалари намойиш этилди.
– Бирор ҳунарим йўқлигидан қийналардим, - дейди жиззахлик Дилдора Норқулова. – Самарқандда касб-ҳунарга ўқитиш марказида ўқиб, компьютер инженеринги касбини эгалладим. Энди иш фаолиятимни Бахмал туманидаги “Яшнабод кўрки” МЧЖда бошлаш арафасидаман.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Бахтиёр Мустанов (фото).