Ҳуқуқий таълим Фанлари олийгоҳлардаги ўқув режаларидан нега олиб ташланяпти?

Ҳуқуқий фанларнинг асосий қисмини ижтимоий фанлар ташкил этади. Афсуски, олий таълим тизимида уларга доимо бир хил муносабатда бўлинмаяпти. Ушбу фанларнинг баъзилари бугун ўқув режаларига киритиляпти, айримлари олиб ташланяпти ёки дарс соатлари қисқартирилмоқда.

Мисол учун, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон тарихини, унинг бой меросини ўрганиш, шу мақсадда тадқиқотлар олиб бориш лозимлиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, бакалавр таълим йўналиши бўйича 1-босқич талабаларига мўлжалланган чет мамлакатлар (хорижий) ва Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи курслари олиб ташланди.

Буни қандай тушуниш керак? Ўзбекистон тарихи, бой маданий-маънавий меросимиз тарихини лозим даражада ўқимаган мутахассиснинг маънавияти қандай бўлиши мумкин?

Бундан ташқари, чет мамлакатлар билан алоқаларимиз ривожланиб бораётган, уларнинг давлатчилик тарихига, ҳуқуқий таълим, ҳуқуқий маданиятига эътибор кучаяётган бир вақтда уни ўқув режаларидан олиб ташлаш хатолик эмасми?

Жорий ўқув йили ўқув режасида ихтисосликнинг ярмини ташкил қиладиган ҳуқуқ таълимига кам соат ажратилиб, ихтисослик учун жами юклама 9072 соат бўлгани ҳолда юридик фанларга 1170 соат ажратилгани мантиқсиз. Демак, кимнингдир фикрича, барча юридик фанларга асос бўлган давлат ва ҳуқуқ тарихи фанларини ўқитмаса ҳам бўлади.

Аввалига Ўзбекистон тарихини ўқитиш бекор қилинди ва яна қайта тикланди. Деярли 80 йил ўқитилиб келинаётган давлат ва ҳуқуқ асослари ёки ҳуқуқшунослик фанини ўқитиш ҳам тугатилди. Конституцияни ўрганиш курси бор эди. Ушбу курс 15 йиллар мобайнида "Ҳуқуқшунослик. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш" деб аталиб бунинг учун 114 соат ажратилган, дастур, услубий ва ўқув қўлланмалари яратилганди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида "Асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз лозим", дейилганига қарамасдан бу курс ҳам тугатилди.

Ўйлаймизки, ушбу концепциялар олий таълим тизимидаги ҳуқуқий таълим берадиган фанларни қайтадан ўз ўрнига қўйилишига, жамиятимизда ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

 Зиёдулла МУҚИМОВ, профессор.