Ҳуштакни ким чалади ёхуд Абдулла Қаҳҳорга жавоб

Тил табиатан осонликка интилади ва бизга қандай гапириш қулай бўлса, шундай гапирамиз. Инсон учун адабий тилдан кўра ўз шевасида гапиришнинг қулайлиги шундан. Аммо бу эркинлик тилга нисбатан беҳурматлик қилишга изн бермаслиги керак.

Миллий тилнинг мавжудлиги ва унга ҳурмат кўрсатиш, умуман, бу ҳодисанинг нима эканлигини тушуниш кишига юксак маънавий қониқиш ҳиссини берадики, буни маданиятлиман деган киши яхши англайди. Демак, маданият ва миллий тил бир-биридан узоқ тушунчалар эмас экан.

Инсоннинг ўз она тилига ҳурмати ва шу тилни қай даражада билиши унинг маданиятидан дарак беради. Маданиятни том маънода тушунган ҳар қандай инсон она тилининг софлиги, унинг жаҳон тиллари орасидаги мартабаси, эътирофи ва тантанаси учун ўзини масъул ҳисоблайди. Бундай инсонлар қайси тилда гаплашса, ўша тилнинг софлигини сақлайди. Уларнинг маданияти тилга ҳурмат ва ундан қай тарзда фойдаланишида намоён бўлади. Аммо бугунги кунда тилимизда анчайин авж олган бир муаммо бор. Бу айрим кишиларнинг ўзбекча гапириб русча, русча гапириб ўзбекча сўзларни аралаштиришлари билан боғлиқ. Айримлар буни кичик муаммо деб ўйлашлари мумкин. Аммо бунинг ортида миллий қиёфасизлик масаласи ётганини ўйлаб кўрганмисиз? Аввало, бу ҳодиса ҳар иккала тилни ҳам бузишдан бошқа нарса эмас. Аслида бундай “ямоқчилик”ка на Пушкин ва Лермантовни шараф аршига кўтарган рус тили, на Навоий ва Бобурни ҳурмат ва эътирофнинг ҳадди аълосига муносиб кўрган ўзбек тили муҳтож эмас. Бу иккала тил ҳам диди бузуқ баъзи маҳмадоналар қўллаётгандек, бирининг “кучи етмай” қолганда, иккинчисининг “ёрдами”га эҳтиёж сезмайди. Иккала тил ҳам ҳар қандай фикрни баён қилиш учун етарли сўз захирасига, ўша фикрни гўзал ва таъсирли ифодалаш учун эса ўз нафосатига эга. Энг ёмони, ўз фикрларини гўёки “ширу шакар” қилиб баён этаётган ўша кишилар бу ишларини замонавийлик, маданият деб тушунишларидир. Бу нотўғри қараш, аслида, моҳият эътибори билан уларнинг фикрларига мутлақо зид бўлиб, маданият эмас, маданиятсизлик белгисидир.

Бир неча хорижий тилларни билиш замонавий дунёда қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бугунги кунда ёшларнинг хорижий тилларда бийрон гаплашишларини кўриб уларга ҳавас қиламиз. Аммо бир неча тилларни билиш инсонга фикрни ифодалашда ўша тиллардан қориштириб фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Ўзини, миллатини, тилини ва шу билан бир қаторда ўзга тилларни ҳурмат қилган киши бу каби номақбул ишни ўзига эп кўрмайди.

Икки тилни қориштириб гаплашишнинг ижтимоий оқибатлари тилнинг табиатига хос қуйидаги ҳодисалар билан боғлиқ. Биринчидан, тил онг ва тафаккур билан чамбарчас боғлиқ. Бу икки тушунча бир-бирини тақозо этади ва бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Тафаккур жараёни онгимизда тил элементлари кўринишида кечади. Сўз ва бошқа тил унсурлари тушунча сифатида онгда тафаккур юритиш воситаси сифатида намоён бўлади. Бу жараён тил унсурларисиз амалга ошмайди. Аммо ўша тафаккур юритиш жараёни қайси тилда амалга оширилади? Мутахассислар тафаккур юритиш жараёни кишининг она тилида амалга оширилади, деб таъкидлайдилар. Аммо, бизнингча, бу фикр бироз шубҳали. Сабаби, инсоннинг она тили унга ирсий йўл билан ўтмайди. Тил ижтимоий ҳодиса сифатида ҳаёт давомида ўзлаштириладиган жараёндир. Шундай экан, инсоннинг қайси тилда тили чиқса, у ёшлигидан қайси тилни ўзлаштирса, унинг учун қайси тилда мулоқот қилиш осон бўлса, ўша тилда фикрлайди, дейиш тўғрироқ бўлади.

Иккинчидан, тилдан қанчалик кўп фойдаланилса, унинг имкониятлари янада ошиб, сайқал топиб, ривожланиб бораверади. Эскириш тушунчаси тилга нисбатан тескари ишлайди. Яъни, ундан қанчалик кўп фойдаланилса, у бойиб, янгиланиб боради, аксинча, ундан фойдаланилмаса, у эскириб, йўқолиб бораверади. Ер курасида  6000 га яқин тил мавжуд бўлиб, шулардан 1400 таси йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу тилларнинг йўқолиб кетишига шу тил эгаларининг ўзга тилларни ўз тилидан устун қўйиши, ўз она тилларини менсимаганликлари, унинг софлиги ва тараққий этиши учун курашмаганликлари сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, тил доимий равишда ўзгариб турадиган ижтимоий ҳодисадир. Бу ўзгаришлар ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Тилдаги ифода имкониятларининг ошиши, лексик сатҳининг кенгайиши ва адабий тил имкониятларининг мустаҳкамланиши ижобий ҳолат сифатида шу тил эгаларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Тил софлигининг бузилиши, вульгаризм ва варваризмнинг фаоллашуви, адабий тил мавқеининг пасайиши кабилар салбий жиҳатлар бўлиб, бу ҳам шу тил эгаларининг масъулиятсизлиги натижасида содир бўлади. Бунга кучли тилларнинг кучсиз тилларни истило қилиши билан боғлиқ табиий жараённи ҳам қўшсак бўлади. Йўқолиб кетишга маҳкум бўлган тил эгалари мана шу жараёнларни тўғри англамаганликлари ва унга қарши чоралар кўрмаганликлари улардаги миллий тилларнинг маҳв бўлишига сабаб бўлмоқда. Демак, тилнинг доимий мавжуд бўлиши ва ривожланиши учун у доимо фаоллик билан амалда қўлланилиши, бошқа тилларнинг унга салбий таъсирларини бартараф этиш керак бўлади.

Тилдаги ҳар қандай жараён, хоҳ у салбий, хоҳ ижобий бўлсин, аста-секинлик билан ўзининг ижтимоий оқибатларини намоён қилади. Худди шунингдек, ўзбек ва рус тилларини қориштириб гаплашиш билан боғлиқ бир қараганда унчалик жиддий кўринмаган муаммо аста-секинлик билан она тилимиз мавқеининг пасайиши, географиясининг торайиши, сўзлашувчилар сонининг камайиши, миллатдошларимизда тилимизнинг нафосати ва гўзаллигини ҳис этмаслик билан боғлиқ янги ижтимоий оқибатларни келтириб чиқаради.

Энг ачинарлиси, миллатдошларимиз орасида ўзга тилда тафаккур юритадиган кишиларнинг кўпайишига олиб келади. Уларнинг ўзга тилда тафаккур юритиши эса миллий фожиадир. Инсон тафаккур тарзининг ўзга тилда амалга ошиши бу миллий қиёфанинг йўқолиши сари қўйилган мудҳиш қадам ҳисобланади.

***

      Абдулла Қаҳҳор бир пайтлар ўзбек тили билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан “Ҳайдовчи қоидани бузса, милиция ходими ҳуштак чалиб жаримага тортади, лекин тилимизни бузиб гапираётганларга нега жарима йўқ? Уларга ҳуштакни ким чалади?” деб ёзган эди. Севимли ёзувчимиз агар ҳаёт бўлганларида, мен шундай жавоб берган бўлардим: “Устоз, ўзбек тилига давлат мақоми берилиб, тилимизнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди, аммо қоидабузарларга ҳамон ҳуштакни ким чалиши масаласи кун тартибидан тушган эмас. Ҳуштакни биз ўзимиз чалмасак, яна ҳам тўғрироғи, миллат олдидаги масъулиятимиз, маданиятимиз ва виждонимиз чалмаса, уни биров келиб чалмайди. Чунки ҳуштак ўзгаларнинг эмас, ўзимизнинг қўлимизда”.

Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди.