Ибратли ҳикоя: Шақиқ Балхий қай тариқа бир қулга талаба бўлган?
Бир замонлар Балх шаҳрида очарчилик бошланган. Аҳвол кундан-кунга оғирлашиб, барчанинг юзига бирдек изтироб ва ғам соя солган эди. Аммо бир қул бу кулфат унга сира алоқаси йўқдек доим кулиб юрарди. Табиийки, унинг хурсандлиги бошқаларни ҳайрон қолдиради.
Ниҳоят одамлар ундан:
– Ҳамма азоб чекаётган пайтда илжайиб юришга уялмайсанми? – деб сўрашади.
У эса табассум билан:
– Нега шод бўлмай, нега ғам чекай? Хўжайинимнинг қўл остида катта бир қишлоқ ва кўплаб ер-суви бор. Шундай бир бойнинг қулиман. Эгамнинг кучи, унга бўлган ишончим кўнглимдан ҳар қандай дарду қўрқинчни кетказади, – деб жавоб қилади.
Бу воқеани кузатиб турганлар орасида Шақиқ Балхий ҳам бор эди. Қулнинг жавобини эшитиб титраб кетди ва бу ҳолатни узоқ мулоҳаза қилди. Бир муддатдан кейин кўнглидан кечганларини ифодалаб бундай деди:
– Эй Раббим, Сен қанчалар улуғсан! Бу қул Сенинг мулкингга нисбатан игна учича бўлмаган бир қишлоққа эга бўлган, ўзини ҳимоя қиладиган хўжайини борлиги учун қувоняпти. Раббим, Сен бутун мулклар Эгасисан, борлиқнинг ягона ва ҳақиқий соҳибисан, ризқимизни етказишга ваъда бергансан, шунга қарамай, нега биз ризқ борасида бунчалик ғамга тушамиз, изтироб чекамиз?!
Ривоятга кўра, шундан кейин Шақиқ Балхий умрини Ҳақ йўлига бағишлади. Асло ризқ андишасини қилмади, умр бўйи чин таваккул, хотиржамлик ва ҳаловат ичра яшади. У зот кўпинча ушбу жумлаларни такрорларди:
– Мен бир қулнинг талабасиман. Нимага эришган бўлсам, унинг биргина сабоғи билан эришдим.