Ижодда камтарлик керак

 "Шогирдлар бошини силаш баробарида бу инсон адабиётдаги масъулиятсизлик, истеъдодсизликка қарши тик гапни айта оларди. Масаланинг муҳим томони шундаки, бундай инсонлар ибратини тарғиб қилсак, бугун Самарқанд адабий муҳитида у киши каби фидойилар шаклланган бўлармиди...".
Мақолада Самарқанднинг бугунги адабий муҳитида ана шундай фидойи инсонларнинг ноёблиги, ўзи ва ўзгалар ижодига талабчанликнинг пастлиги, шеъриятнинг покиза дунёсига доғ тушираётган мадҳиябозликлар, ура-уралар, руҳий қашшоқликлар ҳақида сўз юритилади.
Дарҳақиқат, баъзи "ижодкор"лар ускуна ишлаб чиқараётган конвейер каби кетма-кет китоб чиқаришга муккасидан кетяпти. "Одамлар китоб ўқимай қўйди", деб айюҳаннос солаётганлар ҳам ўшалар. Бугун китоб дўконлари ҳам уларнинг асарлари билан тўлган.

Шу ўринда, Абдулла Қодирийнинг 1926 йилда ёзилган "Ёзишғучиларимизга" мақоласидан парча келтириш жоиз: "Яхши билиш керакки, қалам – ўқлоғ, матбуот – кетмон бозори эмас. Йўсинсиз равишда хотирға келган ҳар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат саналмайдир. Сўз қолип, фикр унинг ичига қўйилған ғишт бўлсин, кўбчилик хумдонидан пишиб чиқғач, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин! Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак".

Бир вақтлар боболаримиз китоб топишга қийналишган. Ҳозир эса биз китоб танлашга қийналяпмиз. Ёзилаётган китоблар шу қадар кўпайиб кетдики, мутолаада жуда зийрак бўлмоқ лозим. Буюк ғоялар ва олижаноб эҳтирослар манбаи бўлган шоҳ асарларни, асл китобларни ўқишга одатланиш керак. Бундай асарларнинг қиммати шундаки, улар одамни бамаъни суҳбатга, жиддий ва самимий гапга, мулоҳазага руҳлантиради. 

Зафар МАҲМУДОВ,
Хўжа Дониёр зиёратгоҳи директори.