Ижтимоий тармоқ – қармоқ(ми?)

Тонгда туриб ҳар доим тузадиган кунлик режаларим қаторига шу мавзуда мақола тайёрлашни ҳам қўшиб қўйдим. Одамларни кузатиш мақсадида ишга шахсий автомашинамда эмас, автобусда боришга қарор қилдим.

Ёшлигимда қайсидир газетада ўқиганим ёдимга тушди. Унда йигит-қизларнинг катталарга жой бермаслиги учун ўзини ухлаганга солиши ёки бошини кўтармасдан, манзилига етгунча “китоб ўқиб кетиши” ёзилганди. Автобусда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга кўзим тушди. Фарқли томони, ўтирган ёшларнинг деярли барчаси “ухлаш” ёки китоб ўқиш ўрнига қўл телефонидан кўзини узмасди. Ҳатто тик туриб кетаётганларнинг ҳам аксарияти ижтимоий тармоқни кузатиш билан банд. Телефонга тикилганлар орасида нафақат ёшлар, балки ёши катталар, болалар ҳам бор.

Шу куни хизмат сафари билан олис қишлоқларнинг бирига боришга тўғри келди. Ишонасизми, қишлоққа кириб борар эканмиз, то манзилимизга етгунча йўлимизда учраган, ҳассага суяниб кимнидир кутаётгандек бир нуқтага тикилиб турган кекса отахондан бошқа деярли барча - кўча бўйида, дўкон ёнида ўтирган йигитлар, бола етаклаган жувон ҳам, юриб кетаётган ўрта ёшли одам ҳам қўлидаги телефондан кўзини узмасди.

Оддийгина ҳовлида 4 сотих томорқадан самарали фойдаланиб, бир йиллик даромади эвазига “Ласетти” автомобили сотиб олган деҳқон билан суҳбатлашдик, иш жараёнларини суратга олдик. Қайтар чоғимизда ҳамкасбим суратларни электрон почта орқали таҳририятга ҳозироқ етказиш ва бу қизиқ лавҳани бугуноқ сайтимизда эълон қилиш лозимлигини айтди.

- Афсуски, бу ерда интернет суст ишлаяпти, - деди у.

- Бизда “Вой-пай” бор, - деди деҳқон ва кўчадан велосипед етаклаб келган болага юзланди. - Улим, тез ке, амакингга “Вой-пай”ингнинг кодини айт!

Тахминан 8 яшар бола югуриб келиб, салом-аликдан кейин ҳамкасбимнинг телефонига қўл чўзиб:

- Беринг, ўзим улаб бераман, - деди.

Биз ҳайрон қараб турардик.

- Ўғлингиз пишиқ экан, “WiFi”нинг кодини айтгиси келмади, шекилли, - дедим кулиб.

- Йўқ, код қийинроқ, айтиб тургандан кўра ёзиб беришим осонроқ, - отасининг ўрнига ўғли жавоб берди ва гапира туриб кодни ёзиб, телефонни интернетга улаб, қайтариб берди-да, югуриб уйига кириб кетди.

- Бошида код-под қўймаганди, - деди деҳқон. – Ҳамсояларнинг болалари туни билан уйимизнинг орқасидан кетмайдиган бўлиб қолди. Кейин билсам, шу “Вой-пай”ни деб шу ерда уймалашаркан.

- Интернетдан фарзандларингиз фойдаланадими? – сўрадим унинг ижтимоий тармоқларга қизиқиши йўқлигини сезиб.

- Ҳа, катта улим шу интернет орқали бир тошкентлик ўқитувчидан дарс олди. Фойдаси катта бўлди, халқаро сертификат бор эканку, номини айтишга тилим кемайди. Шундан 8 балл олиб, Кореяга ўқишга кетди. У кетгандан кейин укалари ишлатяпти. Аяси кириб туради. Ҳар куни Кореядаги “пропессор”имиз билан гаплашмаса ухлаёлмайди.

Кўпчилик ҳавас қилса арзийдиган бу оддий оила аъзоларига омад тилаб хайрлашдик. Йўлда ҳамкасбим билан ижтимоий тармоқнинг афзалликлари ва бизга етказаётган зарарлари ҳақида суҳбатлашиб келдик.

- Энг ёмони, жуда кўп содда одамлар шу ижтимоий тармоқда қармоққа илиниб қоляпти, - деди ҳамкасбим. – Турли хил ўйинларда қатнашиб, катта миқдордаги маблағини бой беряпти.

Суҳбатимизга ҳайдовчи қўшилди.

- Аввалига, телеграмда “Шу тугмани боссангиз моддий ёрдам берилаётганидан хабардор бўласиз”, кейинчалик “Шу каналга кириб, фалончи танишимга овоз беринг, илтимос” ва бошқа шу каби мазмунда жўнатилган хабарлар орқали кўпчилик пластик картасидаги бор маблағидан айрилганини айтмайсизми? Бу қармоққа содда бўлмаган, ахборот технологиялари бўйича олий маълумотга эга бир танишим ҳам илиниб, қарийб 20 миллион сўмга “ухлаган”.

Шаҳарга яқинлашганимизда қуёш ботганди. Телефоним жиринглади.

- Алло, ассалому алайкум, устоз!

- Ва алайкум ассалом, Фаёзжон, яхшимисиз?

- “Рул”да кетаётганга ўхшайсиз, мақсадга ўтаман. Бугун ижодкорлар доимги жойда учрашаркан. Ишдан чиққан бўлсангиз, вақтингиз бўлса боринг, кутамиз.

- “Рул”дамасман, аммо йўлдаман. Сизни тушундим. Албатта, бораман!

Таҳририятга борганимизда иш вақти тугаган эди. Ҳамкасбим фотоаппарат ва бошқа ускуналарни жой-жойига қўйгач, уни ҳам ижодкорлар учрашувига таклиф қилдим. У техник ходим бўлса ҳам шеъриятни хуш кўрарди. Рози бўлди. Бирга шаҳар четидаги чойхонага бордик.

Кўпчилик келмабди. Ёш ижодкор Фаёзжон билан устоз Аслиддин Мустафо бор экан. 4 киши у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашгандек бўлдик. Орамиздаги икки шоир битта-битта шеър ўқиди. Учрашув 3 соатча давом этди. Бу вақтнинг ярмидан кўпи қўл телефонимизга тикилиш билан ўтди, десам хато бўлмайди.

- Тўғриси, зерикарли бўлди, - деди ҳамкасбим чойхонадан чиққач. - Бошқача тасаввур қилиб келгандим учрашувларингизни. Уйдаям, (касбимиз тақозоси билан) ишдаям, кўчадаям ижтимоий тармоққа боғланиб қолганмиз. Ҳеч бўлмаса шоирлар учрашувида ундан узоқлашармиз, деб ўйлагандим.

Хайрлашиб, уй-уйимизга йўл олдик. Кеч бўлиб қолди. Автобуслар ҳаракати тўхтаган. Бир машина ёнимга келиб тўхтади.

- Қорасувгача бораман, йўлимиз бир бўлса кетдик, - деди ҳайдовчи.

- Ҳа, Қорасувга боряпман, қанча бўлади?

- Атаганингизни берасиз.

Ҳайдовчи бир қўли билан рулни бошқариб кетяпти, бир қўлида телефон, кимларгадир овозли хабарлар жўнатяпти. Йўлда кетаётганимизни, эҳтиёт бўлишини, секинроқ ҳайдашини айтдим. “Хўп”, деди-ю ўз билганидан қолмади. Шукурки, эсон-омон манзилга етиб бордик. Атаганимни бериб тушдим.

Бироз асабийлашган ҳолда ўзим яшайдиган кўп қаватли уйнинг зиналаридан чиқиб борар эканман, икки бола зинада ёйилиб ўтириб олган ҳолда телефонда қандайдир ўйин ўйнаб ўтирибди. Улар шунчалик ўйинга берилиб кетганидан менга эътибор қилмади ҳам...

- Ассалому алайкум, - дедим баланд овозда.

Болалар ялт этиб қаради ва иккиси ҳам туриб салом берди.

- Узр, - дея бири четроққа ўтди.

- Тун яримлашиб қолди, ухламайсиларми, уйқуларинг келмаётган бўлса, китоб ўқисаларинг бўлмайдими?! – дедим улар ёнидан ўтиб кетаётиб.

- Китоб ҳам ўқиймиз, - деди улардан бири.

Кеч келган кунларимда болалар ухлаган бўлса, безовта қилмаслик учун қўнғироқ тугмасини босмасдан, эшикни калит билан очиб кираман. Уйга кирар эканман, бугун кун бўйи кузатганларим бироз асабимни бузган бўлса-да, ёзадиган мақолам тайёр бўлди, деган хаёлда эдим. Аммо ҳали охирига етмаган экан. Ҳали икки ёшга тўлмаган фарзандим ётволиб, аясининг телефонида қайсидир сайтдаги мультфильмни томоша қиларди...

Тўлқин СИДДИҚОВ.