“Икки болали ногирон аёлга аталган уй сенаторнинг собиқ ҳайдовчисига расмийлаштирилди” номли мақола юзасидан вилоят прокуратураси баёнот берди
Ижтимоий тармоқларда “Икки болали ногирон аёлга аталган уй сенатор собиқ ҳайдовчисига расмийлаштирилди” номли мақола эълон қилинган эди.
Самарқанд вилояти прокуратураси ушбу мақола юзасидан расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, Ногирон Д.Ризақулованинг турмуш ўртоғи фуқаро П.Хайриев 2017 йил 15 мартда шаҳар ҳокимлигига уй-жой ажратиш бўйича мурожаат қилган.
Самарқанд шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларни бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича шаҳар ҳокимиятидаги ҳудудий комиссиянинг 2017 йил 23 мартдаги 1-сон йиғилиш баёнига асосан П.Хайриев ва унинг оила аъзоларига Самарқанд шаҳар Рудакий кўчаси 1-рақамли кўп қаватли уй-жойнинг 2-қават, 1-йўлагидаги, фойдаланиш майдони 50,6 квадрат метр бўлган икки хонали хонадон бошланғич тўловини тўлаш шарти билан бириктирилган.
Кейинчалик, П.Хайриев бириктирилган ушбу уй-жойни сотиб олишдан бош тортиб, вилоят “Ипотека-банк” АТИБда очилган ҳисоб-рақамидаги мавжуд бошланғич тўлов пулларини ёзма аризаси асосида қайтариб олган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан талабгор П.Хайриев бошланғич тўловни 60 кун мобайнида алоҳида очилган ҳисоб-рақамига тўламаганлиги боис, комиссия йиғилиш баёни ўз кучини йўқотган.
Шундан кейин П.Хайриев мазкур уйни топшириб, Д.Ризақулова ва икки нафар фарзандларини ўз ҳолига ташлаб, бошқа вилоятга кетиб қолганидан сўнг Д.Ризақулова ушбу уй-жойни ертўла қисмида фарзандлари билан маълум вақт истиқомат қилаётганлиги сабабли, вилоят ва шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ходимлари томонидан ушбу ҳолат ўрганилган ва ушбу уй-жойга вақтинчалик яшаш учун киритиб қўйилган.
Фуқаро Д.Ризақулова моддий аҳволи оғирлиги сабабли бошланғич тўловини тўлаши ва ипотека кредити расмийлаштириш имкони бўлмаган.
Фуқаро Д.Ризақулованинг турмуш ўртоғи билан яшамаётганлиги, кўз бўйича ўзи ва фарзандларининг ногиронлиги борлиги, меҳнатга лаёқатсиз эканлиги каби ҳолатлар инобатга олиниб, Самарқанд шаҳрида яшовчи ижтимоий ҳимояланмаган, кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларни рўйхатга олиш комиссияси томонидан навбатга қўйилиши ҳамда унга вилоят ҳокимининг 2020 йил 29 апрелдаги 63-Қ-сонли қарори билан Самарқанд шаҳар Обод маскан маҳалласи ҳудудида жойлашган 71-уй, 65-хонадон бириктириб берилиши таъминланган.
Фуқаро Б.А.нинг уй-жойга муҳтожлиги тўғрисидаги аризасига асосан Самарқанд шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларни бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиясининг 2020 йил 18 мартдаги йиғилиш баённомасига асосан Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси 1-рақамли кўп қаватли уй-жойнинг 2-қават, 1-йўлагидаги фойдаланиш майдони 50,6 квадрат метрдан иборат бўлган икки хонали хонадон бириктирилган.
Мазкур хонадонни кредит асосида тўловларни амалга ошириб бориш шарти билан фуқаро Б.А. томонидан бошланғич тўлов суммаси тўланиб, кредит ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Ҳозирги кунда ҳам фуқаро Б.А. томонидан белгиланган тўловлар тўлаб келинаётган бўлса-да, ушбу уй-жойни фуқаро Д.Ризақулова бўшатиб бермаётганлиги, унга бириктирилган Самарқанд шаҳар Обод маскан маҳалласи ҳудудидаги 71-уй, 65-хонадонда доимий яшаши ва фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида бир неча маротаба тушунтирилганлигига қарамасдан, ушбу уйга кўчиб ўтмасдан келмоқда.