Икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кирадими?

ССВ Матбуот хизматининг бу саволига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

— Аслида икки томонлама пневмония келиб чиқишида вирус, бактериялар ёки замбуруғлар сабабчи бўлади.Улар келтириб чиқарадиган икки томонлама пневмония касаллиги шу келтириб чиқарувчи инфекция юқиш йўлларига қараб юқумли ҳисобланади. 

Ҳозирда вирус касалликлари долзарб бўлиб қолгани боис, биз ҳаво томчи орқали юқувчи касалликлардан кўпроқ хавотирланишни бошладик.

Аслида бактериялар, замбуруғлар ва оддий ҳужайрали паразитлар ҳам ўз ўрнида юқумли ҳисобланади. Уларнинг юқиш йўли ҳаво томчи орқали бўлмаслиги мумкин, лекин организмга тушган бундай инфекция турлари пневмония каби ўткир касалликларни келтириб чиқаради.

Ёки паразитлар инсон организми иммун тизими пасайишини кутиб ётади. Иммун тизими пасайса, бу инфекция жойлашган аъзосини жароҳатлаб, касаллик чақиради. 

Шу боис, биз доимий равишда инфекциялардан ўзимизни ҳимоя қилишимиз, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишимиз, соғлом турмуш тарзини юритган ҳолда тўғри ва муқобил овқатланишимиз, енгил жисмоний фаолликни доим бажариб юришимиз зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.