Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Икки йилда 15 киши овқатдан заҳарланиш оқибатида вафот этган

Олий Мажлис Сенати томонидан ўтказилган ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Бу ҳақда 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида таъкидланди.

Хусусан, сўнгги йилларда аҳоли ўртасида заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017-2019 йиллар давомида 154 та бундай ҳолат қайд этилган. Оқибатда 1700 нафар фуқаро, жумладан, 665 нафар бола жабрланган. 15 киши вафот этган. Бундай ҳолатлар асосан умумий овқатланиш корхоналарида, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилган.

Кўп ҳолатларда бунга тўйхона, ошхона, кафе, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш корхоналарининг санитария талаблари лойиҳалари асосида қурилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини лозим даражада сақлаш учун шароитлар мавжуд эмас. Мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг жиҳозланиши ҳам талабларга жавоб бермайди.

Умумий овқатланиш ходимлари даврий тиббий кўрикдан ўтмайди, ошпаз ва ёрдам берувчи ходимларнинг овқат тайёрлаш бўйича технологик талаблар тўғрисида билим ва тушунчалари йўқ.

Ўрганишлар давомида республиканинг 1533 та мактабгача таълим муассасасида ташиб келтириладиган ичимлик сувидан фойдаланилиши аниқланди. Бунда уларнинг кўп қисмида тегишли гигиеник сув идишлари ўрнатилмаган. 5854 та давлат мактабгача таълим муассасаси ошхоналарининг моддий-техник базаси ҳолатини яхшилаш лозим. Бунинг учун 391 миллиард сўм маблағ талаб этилади.

Мажлис давомида ўрганиш давомида аниқланган бошқа муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Унинг якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқ ва тавсиялар берилди.