Иккинчи чоракдан барча ўқувчиларнинг мактабга бориши мажбурий бўладими?

Ота-оналар томонидан II чоракдан барча ўқувчилар тўлиқ анъанавий шаклдаги таълимга қайтадими, деган саволлар келиб тушмоқда.

Мазкур саволлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

"Мактабларда жорий ўқув йили ота-оналарнинг ихтиёри асосида онлайн ҳамда анъанавий шаклда йўлга қўйилди. Афсуски, бугунги кунда мавжуд вазиятни тўғри тушунмасдан, айрим ота-оналар томонидан фарзандини мактабга юбормаслик билан бирга, “Онлайн дарслар” вақтида фарзандини дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига йўл қўяётган ёки уни бошқа ишлар билан банд қилиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айтиш жоизки, фарзандларимизнинг зое ўтаётган ҳар бир куни унинг эртанги келажагига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ҳеч қандай замонавий технология боланинг мактабда таълим олиши ўрнини боса олмайди.

Шу сабабли ҳурматли ота-оналардан, уйда боланинг телевидение орқали онлайн таълим олишига тўлақонли шароит яратишнинг имкони бўлмаса, фарзандларини мактабга юборишларини сўраймиз.

Бугунги кунда Республикамиздаги 10008 та мактабнинг деярли ҳаммасида анъанавий таълим олиш имконияти яратилган. Ўқувчилардан 4,6 миллион нафари, яъни 74 фоизи анъанавий, қолган 1,6 миллион нафари, яъни 26 фоизи онлайн шаклда таҳсил олмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг таълим шакли тўлиқ анъанавийга ўтиш бўйича қарор қабул қилинган тақдирда вазирликнинг расмий манбалари орқали маълумот беради.

Эслатиб ўтамиз, онлайн таълим шакли тўлиқ бекор қилинган тақдирда ҳам “Онлайн мактаб” лойиҳаси доимий равишда давом эттирилиши кўзда тутилган. Бу ўз навбатида, чекка ҳудудлардаги ўқувчиларга сифатли қўшимча таълим олиш учун имконият яратади".