Илмни қўлға олмоғу, фунуни, давлатнинг лисони ва зокуни

Ўтган гал тошкентлик жадид Саттор Жаббор (1905-1938)нинг 1931 йилда Субутой имзоси билан ёзган «Куртулуш йўлинда» китобида каттақўрғонлик биринчи жадид шоир Муҳаммад ҳожи Мурод ўғли Мирий (1898 йилда вафот этган) ҳақидаги воқеалардан парча келтирган эдик. Бу гал муаллифнинг жадид муаллим Саид Аҳмадхўжа Сиддиқий тўғрисидаги қисмини келтирамиз.

 “Адабиётда Мирий тарафидан бошланган бу уйғониш ҳаракати Туркистоннинг бутун мадрасаларида сонсиз дўстлар тўпламишти. Буларнинг энг муҳими машҳури ва Мирийнинг ҳалафи асли Туркистон шаҳриндан бщлган Саид Аҳмадҳўжа Сиддиқийдир. Сиддиқий 1895 да Бухорода Мирий билан танишади. У ерда онинг нуфуз ва таъсири остида бир кўп шеърлар ёзсада мутаассиб уламо ва қозиларнинг қўлидан жонини қутқармоқ учун уларни ёқмоққа мажбур бўлди. Сиддиқий бу ишда муваффақ бўлмак учун ҳар ерга бош уруб кўрди. Охири 1898 йилда мажбур юртини тарк этиб, “мамалики Османия”да йилларча маъмуран яшади. Сиддиқий ортиқ юртига қайтишдан умидини узгани учун у ерда ёзган шеърларини усмонли туркчасида ёзганди. 1901 йилда, яъни устози Мирий вафотидан уч йил ўтиб Туркистонга қайтиш имкони бўлди ва бундан кейинги шеърларини яна ўзбек туркийсида ёзади. Сиддиқий ёлғиз бир шоир эмас, айни пайтда қувватли бир ташкилотчи ва яна бир ўткир муҳаррир эди. Бу сабабдан халқнинг эҳтиёжларини яқиндан кўра билди. Туркистоннинг Чор Россияси томонидан истило этилишига Ватаннинг тараққиётдан ортда қолиши ва иқтисодий таназзули сабаб бўлганига ишонарди. Шунинг учун Ғарб маданиятини халққа танитмоқ ниятида Самарқандда “Зарафшон” номида бир кутубхона таъсис этди ва унинг воситасида кўплаб китоблар нашр этиб, тарқатди. Сиддиқий ижоди тадқиқ учун жуда қизиқарли ва фойдалидир. Оврўпо текникасидан илҳом олмоқ ва уни тамсил этмоқда устози Мирийдан ҳам кўпроқққа муваффақ бўлди. Тарих ва Жуғрофияга оид ёзган асарларини бир тарафга қўйиб, фақат шеъриятига тўхталамиз:

Буюк Амир Темурнинг қурган буюк ҳукуматининг маркази бўлган “Кўкшаҳар” – Самарқанднинг букунги ҳолини жуда гўзал тасвир этар. Чор ҳукумати тарафидан иншо этилмакта бўлган янги шаҳарда, рус муҳожирот сиёсатига оид бу шеърни язар:

Масжид ерига ўлиб калиса,

Бир янги шамоил ила барпо,

Дарё қадар ўлуб иморат,

Ўлмиш эди бўйла зебу-зийнат,

Йиғилмиш эди кўп анда инсон,

Лекин йўк эди бир мусулмон...

Шу тариқа бу севикли шоир ҳақиқий турк ўғлига ярашадиган шаклда халққа ҳайқиради:

Ўлдим бу ўйунда маюс,

Этмиш эдим англамакдан номус.

Сиддиқийнинг Қрим, Рус-Япон, Болқон муҳорибаларига оид кўп муҳим шеърлари бордир. Буларнинг орасида унинг Туркистон учун майдонга отган тўрт ўгитига қараймиз:

Тўрт нарса менга бундан эрди мақсуд,

Бундан бўлур ҳалқ бахти масъуд,

Илмни қўлға олмоғу, фунуни,

Давлатнинг лисони ва зокуни (* зокун, русча қонун демакдир).

Бу тўрт ўгит ҳақиқатан у даврнинг жуда машҳур мавзуси бўлганди. Сиддиқий яна халқни тижоратга ташвиқ этиш учун шундай дейди:

Бу жумла тижорат балоси

Дунёнинг тижоратдир баҳоси!

Бу тушунчалар у замондаги Туркистоннинг уйғониш даражасини ўлчамак учун бир воситадир. Айнан ўша замонда Сиддиқий ижодиёти унинг замондош шоирлари орасида энг кучлиси ва энг қимматлиси бўлганини кўрсатади.

Сиддиқий ҳаётининг сўнгги йилларини миллий ташкилотга хизмат қилмоқ ва муаллимлик билан машғул бўлди. Лекин, унинг сўнгги йилларида ҳаёти қашшоқликда кечди. Бутун ҳаёти ва қалбини турк олами учун бахш этган Сиддиқий 1927 йилда Самарқанд атрофидаги бир қишлоқда вафот топди. Унинг турк уйғониш адабиётида тутган юксак мақоми йиллар ўтиб янада яхши англашилажакдир”.

Шу ўринда Ажзий ҳақида қисқача тўхталсак. Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий Ажзий (1864-1927) Самарканд, Бухоро мадрасаларида ўқиган. Мадрасада араб, форс, озарбайжон тилларини, кейинроқ рус тилини мукаммал ўрганган. 1901-1903 йилларда Кавказ, бир қатор Араб мамлакатлари ва Россияга саёҳат қилган. Жиддада маълум муддат рус элчихонасида таржимон бўлган. Самарқандга қайтгач 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида янги усулдаги мактаб очиб, ўқитувчилик қила бошлаган.

Маърифатпарвар шоир Ажзий XIX асрнинг 80-йилларидан шеър ёза бошлаган. Унинг 1912 йил “Анжумани арвоҳ” (“Арвоҳлар йиғини”) достони, 1914 йил “Ганжинаи ҳикмат” (“Ҳикмат хазинаси”), “Миръоти ибрат” (“Ибрат ойнаси”), 1916 йил “Айн ул-адаб” (“Одоб чашмаси”) каби шеърий тўпламлари нашр қилинган. “Анжумани арвоҳ”да хонликдаги турғунлик танқид қилинган. “Миръоти ибрат”да эса Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат тили, қонун – буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. Ажзий шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. 1908-1910 йилларда таржимон сифатида Л.Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг “Шинель” повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилди. Жадид мактаблари учун дарслик ёзиб, унга ўз таржималаридан намуналар киритган.

Сиддиқий 1917 йил февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаётда бевосита иштирок этди. 1918-1921 йилларда Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтиб, 1926 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи унвонини олган. Самарқандда “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” каби ҳажвий журналларни, “Зарафшон” газетасини чиқаришда фаол иштирок этди. “Майна”, “Гина-гина”, “Шашпар”, “Тир”, “Гумном”, “Олмос” имзолари билан ҳажвий асарлар ёзди.

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.