Илтимос ўринли, талаб адолатли бўлсин
Қўшработ туманида ўтказилаётган сайёр қабуллар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилнинг ёрқин намунаси бўлмоқда. Халқ қабулхонаси, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган маҳаллабай сайёр қабулларда фуқароларни қийнаб келаётган турли муаммолар жойида ҳал этилмоқда. Бу эса аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши ва одамларнинг кайфияти кўтарилишига таъсир кўрсатмоқда.
Бундай қабулларга одамлар ўз муаммоларини ҳал этиш учун келишади. Чунки, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга, қийин вазиятга тушиб қолган пайтлар жамиятдан кўмак олишга, нажот сўрашга ҳақли.
Яқинда Қўшработ туман ҳокими Дилшод Шакарбоевнинг Бойтўп фуқаролар йиғинида ўтказган навбатдаги сайёр қабулидан кўпчилик қониқиш билан қайтди, десам хато эмас. Фақат бир-икки мурожаатчини ҳисобга олмаганда ҳамманинг муаммоси ўз ечимини топди.
Хўш, ўша бир-икки мурожаатчи ким? Жомантўп қишлоғида яшовчи фуқаро турмуш ўртоғини мактаб маъмурияти икки йилдан буён фаррошликка қабул қилмаётганидан шикоят қилди. Ҳоким мактаб директорини чақириб сўради:
- Нега бу кишининг турмуш ўртоғини ишга қабул қилмаяпсан?
Жавоб эса қисқа ва лўнда бўлди:
- Бўш ўрин йўқ, ишлаб турган ходимларни эса бўшатиш мумкин эмас...
Дарҳақиқат, бу ўринда мурожаатчи ҳақ эмас. Ахир мактаб директорида фаррош учун янги иш ўрни яратиш ваколати йўқ. Ишлаб турган ходимни сабабсиз ишдан бўшатиш эса адолатсизлик. Шу боис мурожаатчига турмуш ўртоғининг касб эгаллаши зарурлиги, Бандликка кўмаклашувчи марказ ҳузурида аёлларбоп касблар, хусусан, тикувчилик, бичувчилик, сартарошлик, дизайнерлик сингари ҳунарларни ўргатиш мактаблари борлиги тушунтирилди ва тегишли соҳа вакилларига мурожаатчига бу борада йўл-йўриқ ҳамда ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.
Мурожаатчилар орасида ўзининг ёки бир гуруҳ фуқароларнинг манфаатини омма манфаатларидан устун қўйишга интилишлар ҳам кузатилди. Масалан, Бойтўп қишлоғида яшовчи фуқаро ўзи яшаб турган ҳовли ёнидан ўтувчи республика миқёсдаги “Маржонбулоқ–Зармитан” автойўлига сунъий нотекислик ўрнатиш талабини илгари сурди. У ўз фикрини бу ерда автомашиналар катта тезликда юриши, тез-тез йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб туриши, мактаб ўқувчилари учун хавф-хатар мавжудлиги билан дастаклади. Бир қарашда тўғри талаб – “учар” ҳайдовчиларнинг пайини қирқиш, болалар хавфсизлиги учун жонкуярликка ўхшайди. Лекин “танганинг орқа томони”да минглаб ҳайдовчиларнинг манфаати турибди. Солиқ тўловчилар ҳам шулар, улар йўллар текис бўлишини, қимматбаҳо техникаси урилмасдан-сурилмасдан юришини хоҳлайди. Нотекис йўллар беҳисоб иқтисодий зарар келтиради, техниканинг умрини қисқартиради, ёнилғи сарфини оширади. Қишлоқ йўллари шундоқ ҳам абгор. Унинг текис жойларини сунъий равишда нотекисликка айлантирсак, инсофсизлик эмасми?
Хусусан, “Маржонбулоқ–Зармитан” йўлининг Бойтўп маҳалласидан ўтувчи бир чақирим қисмида ҳозир тўртта сунъий нотекислик яратилган. Ҳар бирининг баландлиги бир қаричдан кам эмас. Ахир йўлларни текис-равон қилиш учун миллардлаб маблағ сарфлаймиз.
Равон йўлларда сунъий нотекисликлар яратишнинг ўрнига йўл ҳаракати хавфсизлиги кўпроқ тарғиб қилинса, тегишли жойларга белгилар ўрнатилса, ҳайдочиларни ҳушёрликка ундовчи панно ва шиорлар, радарлар ўрнатилса, мақсадга мувофиқ.
Норбобо ШАКАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.