Имконияти катта қишлоқларда туризм зонасини барпо этиш ишлари суст бораётгани танқид қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазиятда туризм каби янги иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
- Ўтган йили Самарқандда ўтган Глобал туризм инвестиция форумида 2,3 миллиард долларлик келишувларга эришилганди, - деди Президент. - Лекин айрим лойиҳалар бўйича ишлар ҳамон суст. Масалан, Наманган, Андижон, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва пойтахтдаги лойиҳаларга ҳалигача ер танланмаган. Сирдарё ва Жиззахда хорижий ҳамкорларга бирорта лойиҳа таклиф қилинмаган.
Шу билан бирга, ишлар тўғри ташкил этилган ҳудудларда натижа бор. Масалан, хорижий инвесторлар Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарлик тоғ-чанғи комплексини ташкил қилиш, Мираки қишлоғида туризм зонасини барпо этиш ишлари бошланди.
Иқлими, табиати Шаҳрисабзга ўхшаш бўлган Оҳангарон, Ургут, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бахмал туманлари ҳокимларида бу борада бирорта ташаббус йўқлиги танқид қилинди.