Имом-хатиблар Мурожаатномага муносабат билдирди

Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган барча имом-хатиб ва имом ноиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти билан янада танишиш мақсадида йиғилди.

Дастлаб Мурожаатноманинг видео ёзуви томоша қилинди. Шундан сўнг Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев сўзга чиқиб, Мурожаатноманинг ҳар бир банди бўйича тушунча берди. Хусусан, давлат раҳбарининг мазкур йиғилишда диний бағрикенглик, жамиятда миллатлараро тотувлик ишлари, бу борада 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш ҳақидаги таклифи, “жаҳолатга қарши – маърифат”, деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш лозимлиги ҳақида сўз юритилди.

Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Имом Бухорийнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишлари, шунингдек, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёми ўтказилади.

Тадбирда Каттақўрғон шаҳар “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Назаров, Каттақўрғон тумани “Абул Ҳасан Андоқий” масжиди имом-хатиби Сафахон Бақоев ва бошқалар сўзга чиқиб, Мурожаатномада олий таълим тизимида грант асосида ўқиш учун квоталар оширилиши, кўп йиллардан буён Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилиб келаётган шахсларга фуқаролик бериш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш, “ҳалоллик вакцинаси” каби мавзуларга ўз муносабатларини билдириб, мурожаатномада кўтарилган ҳар бир масалада имом-хатиблар ўз йўналиши, қолаверса, фуқаролик бурчидан келиб чиққан ҳолда ўз ҳиссаларини қўшишларини билдирди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати.