Индонезиядаги самарқандлик тўққиз авлиё

Дунёда энг кўп мусулмонлар яшайдиган мамлакат Индонезия ҳисобланади. Араб халифалиги даврида Ислом динини ёйиш мақсадида фатҳ этилган юртлар кўп бўлса-да, улар Шарқий Осиё мамлакатларигача етиб бормаган эди. Хўш, унда бу юртларда Ислом динининг кенг ёйилиши ва чуқур илдиз отишида қандай омиллар муҳим рол ўйнади?

Ислом динининг юртларига кириб келишини индонезияликлар “Вали Санго” (Тўққиз авлиё) номли жамиятнинг фаолияти билан боғлашади. Шу ўринда бунинг биз фахрланадиган бир муҳим жиҳатини таъкидлаш лозим. Гап шундаки, ушбу жамиятнинг асосчиси Мавлоно Малик Иброҳим Самарқандийдир. Индонезиялик тадқиқотчиларнинг фикрича, у Ява оролига 1404 йилда Самарқанддан келган. Малик Иброҳим ташкил этган “Вали Санго” жамиятининг тўққиз аъзосидан беш нафари Иброҳим Самарқандийнинг, қолган уч нафари унинг укаси Мавлоно Ишоқнинг авлодлари ва тўққизинчиси қариндошларидан бири бўлган. 

Маълумотларга қараганда, ушбу ака-уканинг отаси Шайх Бурҳониддин Соғаржий авлодларидан бўлган Шайх Жўмадул Кубро икки ўғли билан Ява оролига келиб қўним топган. Кўп ўтмай тўнғич ўғли Мавлоно Малик Иброҳим Чампа қироллиги (ҳозирги Вьетнам)га Ислом динини кенг тарғиб қилиш учун кетади. У кейинчалик яна Индонезияга қайтади ва шу ерда фаолиятини давом эттиради. Малик Иброҳим бу ерда “Вали Санго” (Тўққиз авлиё) жамиятига асос солади. Ундан сўнг авлодлари бу ишни давом эттириб, Шарқий Осиёда Ислом динининг мустаҳкам ўрин эгаллашида салмоқли ишларни амалга оширади. 

Таъкидлаш лозимки, бугунгача ушбу қимматли маълумотлар тарқоқ, фақатгина индонезиялик баъзи тархичиларнинг умумий тадқиқотларида учрар эди. Тадқиқотчи олимлар Комилхон Каттаев ва Гулноза Каттаеванинг изланишлари натижасида яқинда аллома ва унинг авлодлари ҳақидаги маълумотлар тадқиқ этилган ва жамланган рисола чоп этилди.

“Шайх ас-Соғаржий авлодлари ва Иброҳим ас-Самарқандий тарихи” номли ушбу илк монографик рисолада Шайх Бурхониддин Соғаржий ва у зотнинг авлодлари Шарқ мамлакатларида Ислом дини ва тасаввуф таълимотини тарқатишдаги фаолияти баён этилган. Шунингдек, китобдан Самарқанд заминининг бизгача етиб келган энг қадимий обидаларидан бири - Руҳобод мақбараси ҳақида қимматли маълумотлар ўрин олган.

Сулаймон Мардиев.