Инглизлар чет элликлар ўрнига ишлашни хоҳламайди
Буюк Британиянинг ишбилармон доиралари «brexit»дан кейин ҳалокатли ишчи кучи танқислиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Лондон масаланинг қисман ечими бўш иш ўринларига инглизларни ёллаш деб билмоқда. Лекин тозалаш-ободонлаштириш билан шуғулланадиган компаниялар бунга мутлақо қўшилмайди: Буюк қиролича фуқаролари чет ишчилар осонликча рози бўлган шартларга кўнмаяпти.
"Ишчиларнинг аксарияти (70 фоиз)ни испанлар, жанубий америкаликлар, болгарлар, руминлар ташкил этади. Уларнинг кўпи ватанларига қайтишди. Биз ҳамкорларимизнинг тўртдан бир қисмини йўқотдик. Бу мамлакатга номзодлар қизиқиш билдирмаяпти. Бизда иш 9.00 дан 5.00 гача бўлса, улар "йўқ, бўлмайди, биз 10.00 дан 3.00 гача ишлашни истаймиз" дейишади. Шундай қилиб, биз кўплаб ходимларни йўқотдик, энди қолгани зўр бериб ишлаши керак», дейди компания директори Мери-Жейн Петтит.
Энг оғир зарба юк машиналари ҳайдовчилари етишмаслиги бўлди: ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин, супермаркетларда товар йўқ, ресторанларда товуқ тугади - ҳатто «Макдональдс»да сут коктейли тайёрлашга масаллиқ йўқ.
Мамлакатнинг энг йирик бизнес-гуруҳи - Британия саноати конфедерацияси муаммоларни икки йил ичида ҳал қилиб бўлмайди, деб огоҳлантирмоқда. «Brexit»дан кейин ҳукумат мамлакатга фақат юқори малакали ишчиларни таклиф қилишга, маҳаллий аҳоли ёки оролда қолганларни ишга ёллашга тайёр. Тадбиркорлар эса визалар малакага эмас, балки заруратга кўра берилиши кераклигини таъкидлашмоқда.
«Ишчи кучи танқислигини бартараф этиш учун бизга айнан шу мақсадга қаратилган иммиграцион тизим керак. Биз мамлакатга зарур касб эгалари келиши мумкин бўлган тизим яратилишини талаб қилдик.
Ўтган ҳафта ҳукумат ўз қароридан қайтди ва ҳайдовчиларга, паррандани қайта ишловчиларга вақтинчалик виза беришга ваъда берди. Паст малакали ишчиларни уйда топиш мумкин, лекин фаррошларни паст малакали деб ҳисоблаш катта хато, дея ҳисоблашади «клининг» компаниялари мутахассислари », дейди CBI директори Тони Дэнкер.
Жим Мелвин, Британия ободонлаштириш кенгаши раиси:
"Бизнинг ишимизда малака шарт эмас деб ўйлаганлар адашади. Биз ҳукуматдан муаммонинг катталигини тан олишини ва биргаликда ечим топишини хоҳлаймиз".
Лондон эса қатъий иммиграция қоидаларининг бунга ҳеч қандай дахли йўқлигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, муаммоларнинг вақтинчалик ечими бу - эълон қилинган қоидалар юмшатилишидир. Тадбиркорлар бундай қисқа муддатли визалар бефойдалиги, улар башорат қилинаётган қишдаги йирик коллапсни бироз юмшатишига амин.
Г.Холдорова тайёрлади.