Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инсон ҳаётда бир марта яшамайди

«Одам дунёга бир марта келади. Даврингни суриб қол!». Айрим кишиларнинг ўзини ўзи яхшироқ яшашга ундовчи бу сўзларни кўп эшитасиз, аммо буни қарангки, тадқиқотларга кўра, аслида одамлар текшириб кўрилса, илгари ҳам яшаган бўлиб чиқар экан.

 

Гап шундаки, фан, жумладан, тиббиёт қанчалик ривожланганига қарамай, инсон мияси фаолияти жумбоқлигича қолмоқда. Бепоён коинот 10 миллиард асаб ҳужайра - нейронлар билан ўзаро алоқада. Инсон миясини ўрганишга уриниш ҳайратомуз кашфиётларни юзага чиқармоқда.

...Иоханнес Бутлер Ғарбда машҳур руҳшунос ва гипнозчи. Ўз мижозларига ўтмишга саёҳатни туҳфа қилади. Мана, Бутлер қаршисида кундалик ҳаёт ташвишларидан чарчаган Ҳайди Корбис ўтирибди. Бу аёл телевидение диктори. Қирқ ёшли соҳибжамол аёлни туғилганига қадар бўлган ўтмишга ва олдинги ҳаётига қайтариб бўлармикан?

Руҳшунос аста-секинлик билан Ҳайдини болалигига қайтаряпти. Гипноз уйқусида у хотирасида жонланган воқеаларни айтиб бера бошлади.

- Энди сен беш ёшдасан, - деди Иоханнес, - қаерда турибсан?

- Мен Виндиш - Лайбахдаман, - шивирлаб жавоб берди аёл. - Кичкнагина ибодатхона, ёнимда тобут ва руҳоний.

- Биз сен дунёга келишингдан олдинги ўтмишда турибмиз. Энди нимани кўряпсан?

- Елканга ўхшаш оппоқ матони, у жуда ёрқин… Қуёш чарақлаб турибди, катта дарахтни кўряпман…

- Бу жой қаер?

- Шотландия!

- Сен ўзингни кўряпсанми?

- Йўқ, сезяпман.

- Яна нималарни кўряпсан?

- Хона, катта стол, ликопча, кўкатлар, кружка.

- Исминг нима?

- Луиза.

- Нечанчи йил?

- 1617 йил.

- Қаерда турганингни биласанми?

- Билмайман. Ҳеч нарсани кўрмаяпман, кўришни ҳам истамайман. - Гипноз қилинган аёл асабийлаша бошлади, энтикиб нафас олди.

Гипнозчи Ҳайдини уйғотди. Қадим ўтмишга қайтиш аёлга ёқмаган эди. У олдин ҳам дунёга келгани, қандай яшаб ўтганини эслашни истамади.

Яна бир воқеа АҚШда ХХ аср иккинчи ярмида рўй берганди. Филадельфиялик врач вақти-вақти билан даволашга гипнозни қўллай бошлайди. 1955 йилда ўзининг 37 яшар рафиқасига гипноз сеансларини қўллаб, уни ўтмишга қайтаришга уринди. Сеанслардан бирида кутилмаганида хотини паст эркак овозида Скандинавия лаҳжасида гапира бошлади.

Хоним эркаклиги, исми Енсен Якоби эканлигини таъкидларди. Сўнгра у саволларга бегона тилда жавоб бера бошлади. Врач у қандайдир скандинавия тилида гапираётганини англади.

Кейинги сеансларга бир неча скандинавийлик мутахассислар, жумладан, швед олими Нильс Салин - Филадельфиядаги Америка - швед тарихий музейисобиқ директори таклиф қилинди. У аёл қадимги швед тилида гапираётганини, бироқ саволларни замонавий швед тилида тушунаётганини айтди.

Бундай ҳодисаларни бугун фан изоҳлаб беришга ожиз. Юқоридаги вазиятлар тафсилотига кўра, эҳтиёт бўлиб хулоса қилиш мумкин: ҳар бир одам кўп марта яшаши мумкин. Хуллас, инсон миясида кўп сир яширинган. Уни англашга ҳали ақлимиз етмайди. Содда қилиб айтганда, ўтмишни эслай олмаймиз, табиийки, келажак ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Т.Шомуродов тайёрлади.