Инсоният енгган даҳшатли эмидемиялар
Вабо (Чума)
Барча инфекцияларни пандемия даражасигача олиб бориши натижасида ушбу касаллик шундай номланган. Касалликнинг қўзғатувчиси унинг таёқчасимон микроби бўлиб, у одамга бурга ёки кемирувчилардан ўтиб келган.
Дастлаб милоддан аввалги 540 йилда вабо ҳақида гапирилган. Кейинги юз йил ичида эса бутун дунё бўйлаб эпидемиядан 150 миллондан ортиқ одам вафот этди. Фалокатнинг глобал қамровлигини тушуниш учун ўша пайтдаги дунё аҳолиси 400-450 миллиондан ошмаганлигини айтиб ўтиш жоиз. Инсониятнинг ушбу касаллик билан биринчи тўқнашуви тарихда ўша пайтдаги Византия императори Юстиниан I номи билан аталиб, “Юстиниан вабоси” сифатида бошланди.
1947 йилда Хитойнинг Мансжурия вилоятида эпидемия авж олганда, дунёда биринчилардан бўлиб совет иттифоқи олимлари стрептомицин дорисини қўллай бошлашди ва касалликни тиз чўктиришга муваффақ бўлишди. Уларнинг ёрдами билан ҳатто энг умидсиз беморлар ҳам тузалиб кетишди.
Ҳанузгача вабонинг авж олиш ҳоллари учраб туради. Мутахассислар даволашнинг тўғри усулини, яъни антибиотиклар, сульфаминлар ва махсус тайёрланадиган зардоб орқали йўлга қуйишган. Ўлим қайд этиш ҳоллари эса фақат 5-10 фоиз ҳолларда учрайди.
Иккинчи марта вабо “Қора ўлат” номи билан XIV асрда бир вақтнинг ўзида Африка ва Евроосиё қитъаларида қайд этилди. Касалларда кузатиладиган ғурра ва йирингли яралар сабаб, уни “бубон вабоси” деб ҳам номлашди. Биринчи касал Гоби чўлида қайд этилди ва кейинги ўн йилда Олтин Ўрда аскар қўшинлари орқали бутун дунё бўйлаб тарқалди. Биринчи ҳолатда бўлгани каби инфекциянинг оқибатлари даҳшатли эди. Европа ўзининг 40 фоиз аҳолисини йўқотиб, бўшаб қолди. Хитой, Африка ва Ҳиндистонда ўнлаб шаҳар ва қишлоқлардаги ўлганларнинг ҳисоби йўқ эди.
Вабо таёқчаси билан инсониятнинг учинчи танишуви 1855 йилда Хитойда содир бўлди. Юньнаннинг тоғли водийлари қирқ йил давомида вабо билан яккаликда курашишди. ХХ асрнинг бошида эса савдогарлар ва армиялар туфайли инфекция дунёнинг қолган қисмига тарқалди. Умуман олганда, учинчи “тўлқин” унчалик вайронкор бўлмаган бўлса-да, Хитой ва Ҳиндистонга жиддий зиён келтириб, 20 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмди.
Холера вабоси
Холера вабоси ўлим оқибатларига олиб келувчи ичак инфекцияси сифатида қадим замонлардан бери инсониятга маълум бўлиб келган. Ҳатто, Ибн Сино ва Цельс ўз ишларида бу касаллик тўғрисида ёзган. Касаллик тананинг суюқлиги тезлик билан йўқотилиши оқибатида сувсизланиш келиб чиқиб, инсон вафотига сабаб бўлади. XIX асргача бу касаллик унчалик тажовузкор бўлмаган, фақат зилзила ва сув тошқини бўлган жойларда камдан-кам авж олиб турган.
1816 йилда ҳозирги Бангладеш атрофида холеранинг биринчи пандемияси бошланди. Британиянинг минглаб аскарлари, миллиондан ортиқ ҳиндлар ва Ява оролидаги юз мингдан ортиқ киши унинг қурбонига айланди. Аср ўртасига келиб, бу касаллик Россияга ҳам етиб келди. Кейинчалик инфекция Германия, Франция, Буюк Британияда тарқалиб, ҳар бир мамлакатда 60 мингтагача мурда қолдирди. Кейин океанни кесиб ўтди ва АҚШ ва Канадада 250 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди.
1860 йилга келиб, излари қарийб йўқ бўлиб кетган инфекция яна қўзғади. Ўшанда Россияда бир миллион, Европада эса бир ярим миллионга яқин киши вафот этди. 1923 йилга қадар холера вабоси яна 10 миллион кишини ҳаётдан кўз юмдирди. Охирги марта пандемия 1962 йилда эълон қилинишига қарамасдан, ҳозирда ҳам касалликнинг авж олиш ҳоллари учраб туради.
Касалликни даволаш сувсизланиш ва зарур элементларнинг йўқолишига қарши курашиш, шунингдек, вирус қаршилик кўрсата олмайдиган оддий антибиотикларни қўллашдан иборат.
Чечак ёки сувчечак (оспа)
Чечак (сувчечак) холера вабоси каби ҳакимларга қадим замонлардан таниш бўлган ўта юқумли инфекция бўлиб, унга чалинган кишиларнинг 40 фоизи ҳаётдан кўз юмган. Омон қолганлари эса кўр бўлиб қолган ва умрининг охиригача баданларида яралар излари қолиб кетган.
Солномаларда ёзилишича, чечак эпидемияси биринчи бўлиб Осиёда IV- VIII асрларда қайд этилган. Касаллик тўғрисидаги билимларнинг етишмаслиги ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Япония аҳолиси 40 фоизга, Хитой ва Корея аҳолиси тўртдан бир қисмига камайди. XVII-XVIII асрларда чечакдан Европа ва Россияда йилига 1,5 миллион киши вафот этди. Соғайиб, аммо ногирон бўлиб қолганлар сони эса 20 миллионганча етди.
Айнан шу пайтда бир нечта мамлакатларнинг шифокор ва олимлари ғалати бир нарсага эътибор беришни бошлашди. Ҳайвонлар билан бевосита алоқада бўлган одамлар – сигир соғувчи, чўпон, отлиқлар бошқаларга қараганда чечак ёки “қора” чечак касаллигига камроқ чалинар экан. Кейинчалик сигир сувчечаги билан юқтириб эмлаш натижасида одамда касалликдан иммунитет ҳосил бўлиниши аниқланди. Оммавий вакцинация бошланди, ижобий натижа кейинчалик сусайиб, қайта эмлаш талаб қилинганда, одамлар ўзларини биринчи марта таваккалчиликка берилиб, фойда кўрмаганлигини рўкач қилиб рози бўлишмади. Натижада Европада 1875 йилдан бошлаб йилига миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмди.
1928 йилда жойларда оммавий эмланиш натижасида касаллик инсониятга таҳдид қилишни тўхтатди. Лекин ХХ асрнинг ўша пайтигача 400 миллиондан ортиқ инсонларнинг ёстиғини қуритишга улгурди. 1958 йилда Совет иттифоқи олимлари чечакка қарши курашиш учун дунёга 25 миллион вакцина таклиф қилишди. Ҳозирда сувчечак бутунлай йўқотилган. Унинг 2 дона нусхаси “Вектор” Россия давлат вирусология ва биотехнологиялари илмий маркази ва американинг назорат ва профилактика марказида сақланар экан.
Қизиғи, сувчечак қирол ва императорлар учун хавфли касаллик бўлиб, турли вақтларда ушбу касалликдан Англия қироличаси Мария II, Франция қироли Людовик XV ва Япониянинг уч императори вафот этган.
Испан гриппи ёки “испанка”
Инсоният тарихидаги энг ҳалокатли пандемия ўзининг пайдо бўлган жойи – Испания номи билан аталди. 1918 йилда унга 9 миллион киши чалинганди. Биринчи жаҳон уруши ва миллионлаб армияларнинг ҳаракатлари вируснинг бутун дунё бўйлаб - Аляска ва Гренландиядан тортиб, Австралия ва Амазонканинг чангалзорларигача тез тарқалишига замин яратди. Ўша давр олимлари мақтаган техник тараққиёт ҳам ўзини кўрсатди. Поездлар, кема ва дирижабллар вирусни шу қадар тез тарқатдики, дастлаб 30 ҳафтада вирус 35 миллиондан зиёд одамни ўлдирди. Испанкадан ҳаммаси бўлиб 600 миллион одам ёки Ер шарининг учдан бир қисми касалланди, 60 миллиондан 100 миллионгача киши ҳаёт билан видолашди.
Дунёнинг йирик шаҳарларида кўчада ётган ўликларни кўриш шу даража одатий ҳолга айланиб қолдики, ўтиб кетаётганлар ҳатто ўгирилиб ҳам қарамасди, дафн маросимларининг сони даҳшатли ва қўрқинчли парадга ўхшарди. Нью-Йорклик бир гўрков бир ойда 150 минг доллар ишлаб олган экан. Лекин ўша ишлаб олган пулларни ишлата олмасдан, оддий гриппдан вафот этибди.
2009 йилда енгилроқ қиёфада пайдо бўлган “Испанка H1N1” штампи остида ўз номини ўзгартириб, “Чўчқа гриппи” дея тафсифланди. Ҳозирда у бошқа грипп турлари каби даволанмоқда.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.