Интернет тармоғида жойлаштирилган Ф.Йўлдошеванинг мурожаати юзасидан баёнот
Фуқаро Ш.Мамаев спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда 2017 йил 15 июнда А.Аманов билан ўрталарида бўлган ўзаро келишмовчиликлари учун ундан қасд олиш мақсадида А.Амановнинг яшаш уйига келиб, у билан бўлган қисқа суҳбатдан кейин ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан унинг бўйин соҳасига зарба бериб, воқеа жойидан яширинган. А.Аманов эса олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Шу куни Пайариқ тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов натижасига кўра, Ш.Мамаевга айб эълон қилинган ҳолда тўпланган ҳужжатлар айблов хулосаси билан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судига юборилган.
Суд 2017 йил 10 октябрда Ш.Мамаевни айбли деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
Марҳум А.Амановнинг онаси Ф.Йўлдошева суд ҳукмидан норози бўлиб келтирган шикояти асосида жиноят иши 2017 йил 15 ноябрда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясида кўрилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Шунингдек, А.Амановнинг қасддан ўлдирилганлиги ҳолатига Ш.Сафаров ва А.Эргашевларнинг алоқадорлигини текшириш ва бошқа ҳолатларга баҳо бериш учун суд ажрими билан ишнинг шу қисми алоҳида материал тариқасида ажратилиб, прокуратура органларига юборилган.
Материал юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, А.Амановнинг қасддан ўлдирилганлиги ҳолатида Ш.Сафаров ва А.Эргашевларнинг алоқадорлиги аниқланмаганлиги ҳамда Ф.Йўлдошеванинг мурожаатларидаги важлар бирон-бир объектив далиллар билан тасдиқланмаганлиги сабабли охирги маротаба 2019 йил 4 июлда Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган ва бу борада Ф.Йўлдошевага ёзма равишда хабар қилинган.
Шу билан бирга, Ф.Йўлдошеванинг Пайариқ тумани судининг 2017 йил 10 октябрдаги ҳукмидан норози бўлиб қилган шикоятларига асосан жиноят иши судининг юқори инстанцияларида бир неча бор кўрилиб, Пайариқ тумани судининг Ш.Мамаевга нисбатан бўлган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.