“Иқтидорли ёшлар” форуми янги иқтидор эгаларини кашф этяпти
Самарқандда туман, шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари, умумтаълим мактаблари директорлари, ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналар иштирокида видеоконференцалоқа орқали «Иқтидорли ёшлар» форуми ташкил этилди.
Форум давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ўтган йиллардагига нисбатан бир неча баробар ошганлигини таъкидлади. Хориж давлатларининг университетларига ўқишга қабул қилинган Самарқанд шаҳридаги 43-ИДУМ 11-синф ўқувчиси Суҳроб Муродов, Ургут туманидаги 138-мактаб 11-синф ўқувчиси Парвиз Абдуҳалимов тенгдошларига эришган муваффақиятлари ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабини битириб, Америка Қўшма Штатларининг 4 та нуфузли олий таълим муассасаларига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган (бугунги кунда Англиянинг Бизнес Менежмент университети талабаси) Муҳаммадали Ваҳобов видеоконференцалоқа орқали боғланиб, ўқувчиларга талаба бўлиш учун тайёргарлик жараёнлари ва айни кунлардаги талабалик бахти ҳақида таассуротларини айтди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.