Ирландиялик аёл икки марта дафн этилган

1705 йилда ирландиялик аёл Маржори Маккол безгакдан вафот этди ва касаллик тарқалишининг олдини олиш учун у имкон қадар тез кўмилди. Аёл қимматбаҳо узук билан тобутга жойлаштирилди. Эри эса шиш туфайли узукни хотинининг қўлидан еча олмади. Бу қабр дафн этилганларнинг қимматбаҳо нарсаларини ўғирлайдиганлар эътиборини жалб этди. Ўша оқшом ер ҳали юмшоқлигидан фойдаланиб, жиноятчилар қабрни қазиб, тобутни олиб чиқишди. Улар ҳам узукни еча олмай, аёлнинг бармоғини кесишга қарор қилишди. Кесилган жойдан қон пайдо бўлиши билан Маржори комадан уйғониб, тобутда ўтириб олди ва қўрққанидан бақириб юборди.

Ўғриларнинг тақдири номаълумлигича қолди. Баъзи гапларга кўра, улар ҳушидан кетиб ўлиб қолганини, бошқалар эса улар орқасига қарамасдан жуфтакни ростлаганини айтишади. Маржори тобутдан чиқишга муваффақ бўлди ва уйига йўл олди.

Маржорининг эри Жон Маккол уйда болалари билан бирга ўтирганида эшик тақиллаганини эшитди. У болаларига: “Агар онангиз тирик бўлганида, мен бу унинг тақиллатиши деб қасам ичган бўлардим”, деди. Қулфни очиб, эшик орқасида дафн маросими кийимида, қўлидан қон томчилаб турган хотинини кўрди ва ўлик ҳолда йиқилди. Эртаси куни у хотини бўшатган тобутда дафн қилинди.

Маржори яна кўп йил яшади, қайта турмуш қурди ва фарзандлар кўрди. Ниҳоят вафот этгач, у ўша Шэнкилл қабристонида (Ирландиянинг Лурган шаҳри) дафн қилинди. Унинг қабр тоши ҳозиргача сақланиб қолинган ва унда шундай деб ёзилган: “У бир марта яшаб, икки марта дафн этилган”.

Баҳора тайёрлади.